Марказий ҳарбий округ қўшинларида ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига квота асосида олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномаларни топширишга бағишланган тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ Матбуот хизмати маълум қилди.
Унда округ қўшинлари қўмондони полковник Айбек Саидов, ҳарбий қисм командирлари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Тадбир давомида Самарқанд (27 та), Жиззах (15 та) ҳамда Навоий (22 та) вилоятларида ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган, жанговар хизматда ва илмий фаолиятда муайян натижаларга эришган офицер, сержант ва оддий аскарларнинг фарзандларига округ ҳисобида жами 64 та имтиёзли тавсияномалар берилди.
Тадбир сўнггида бўлажак талабалар округ қўшинлари қўмондони билан эсдалик учун суратга тушдилар.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларига ўқишга кириши учун тавсияномалар бериш тартиби тўгърисида” ги 3276-сон Қарорига мувофиқ, 2018-йилда республика бўйлаб жами 565 нафар ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига тавсияномалар берилган бўлиб, уларнинг 280 нафари талабаликка қабул қилинган эди.






