АсосийJamiyat

2019 йил Тошкентда 2235 та янги иш ўринлари яратилади

'2019 йил Тошкентда 2235 та янги иш ўринлари яратилади'ning rasmi

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида “Ёшлар пресс клуби”нинг “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси Тошкент шаҳридаги туман филиаллари иштирокида “Ёшлар – келажак бунёдкори” мавзусида навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкнинг Тошкент шаҳар бўлинмаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси, Тошкент шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар бўлинмаси ҳамда “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси Марказий Кенгашидан масъул ходимлар иштирок этишди.

Очиқ мулоқот давомида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси Тошкент шаҳар координатори Сухроб Раҳимов сўзга чиқиб, 2018 йил амалга оширилган ишлар ва 2019 йилнинг биринчи чорагидаги фаолияти юзасидан тақдимот кўринишида маълумот берди.

Тошкент шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази масъул ходими Ғулом Тўраев Тошкент шаҳрида мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисида, Давлат солиқ қўмитаси вакили Толиб Шомуродов солиқ тизимидаги янги ўзгаришлар, тадбиркорлар учун мавжуд солиқ турлари ва имтиёзлар ҳақида, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси мутахассиси Рустамбек Баратов Савдо саноат палатаси томонидан ёш тадбиркорларга кўрсатиладиган кўмаклар ва ёрдамлар тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Мулоқот давомида 2018 йил “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасининг Тошкент шаҳар туман филиаллари томонидан тадбиркорликнинг ишлаб чиқариш соҳаси бўйича 43 та лойиҳага, хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича эса 32 та лойиҳага жами 27, 271 млрд сўм кредит ажратилгани, 2019 йил ишлаб чиқариш бўйича 79 та, хизмат кўрсатиш бўйича 70 та лойиҳага 97, 300 млрд сўм ажратилиши таъкидланди.

—Мазкур мулоқот “Yoshlar – kelajagimiz” ва “Ҳар бир оила тадбиркор” Давлат дастурлари доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот бериш ҳамда ушбу дастурлар доирасида тадбиркорликни йўлга қўйиш, ёшлар, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилди, – дейди Тошкент шаҳар координатори Сухроб Раҳимов. —Ўтган йил пойтахтнинг ўзида 1079 та ёшлар иш билан таъминланган бўлса, жорий йилда 2235 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

5 та муҳим ташаббус доирасида “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси Тошкент шаҳар туман филиаллари томонидан ишчи гуруҳ шакллантирилиб, Учтепа туманида штаб ташкил этилган. “Ёшлар-келажагимиз” жамғармасининг Тошкент шаҳар туман филиаллари томонидан 95 та маҳаллада тарғибот тадбирлари ўтказилиши натижасида 900 нафардан зийод ёшлар тадбиркорлик бўйича ўзтажрибаларини оширди.

Тадбир сўнггида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Шаҳноза Нуруллаева

    Бошқа янгиликлар