Ижтимоий тармоқлардаги машҳур блоггерлардан бири, Индонезиядаги ўн бир нафар фарзандли Ген ва Ҳалилинтар оиласи айни пайтда Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини оширишга қаратилган навбатдаги ижодий сафар билан мамлакатимизда бўлиб турибди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчиси Абдулазиз Аккулов Фарғонада тасвир ишларини олиб бораётган ижодий гуруҳ билан учрашиб, Ўзбекистон туризмини фаол тарғиб этаётган блоггерлар билан суҳбатлашди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантири давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

- Биз айнан икки мамлакат пойтахтини боғлаб турувчи “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ҳаво лайнерида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси таклифи билан тўғридан-тўғри қатновни амалга оширдик. Бу эса жорий йилги фаолиятимизни янада жонлантиради. Биз нафақат қадимий Самарқанд, Бухоро шаҳарларини, балки сўлим ва бетакрор, йирик туризм салоҳиятига эга бўлган Фарғона водийси ҳақида ҳам махсус видео материаллар тайёрлаш ниятидамиз. Бу ердаги 3 кунлик ташрифимиз давомида қўмита билан ҳамкорликдаги Рамазон ойига бағишланган махсус тарғибот ролигини тасвирга олмоқдамиз ҳамда ижодий сафаримиз самарали ўтишига ишончимиз комил.
Ген ва Ҳалилинтар Ўзбекистон ҳамда Индонезия ўртасида туристик имкониятлар учун кенг йўл очиб берилаётгани, Жакартадан Тошкентга қадар очилган авиа қатновлар халқлар ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилишини билдирди.
Таъкидлаш лозимки, Ген ва Ҳалилинтар оиласи “King of YouTube”, яъни “ YouTube қироли” деган номга сазовор бўлиб, оила YouTube каналида жуда катта – 40 миллионлик аудиторияга эга. YouTube платформасида уларнинг томошабинлари сони 2 милларддан ортиқни ташкил этади. Эътиборлиси, улар неча йилдирки, Ўзбекистон ҳақида махсус материаллар тайёрлаб, уларни томоша қилаётганлар сони 150 мингдан ошган.

Ижодий гуруҳ томонидан жорий йилнинг январ ойида Чимён тоғларида, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида тасвирга олинган “Ziggi-Zagga” номли қўшиғига ишланган клип 50 миллион марта томоша қилинган.
2014 йилда Ген ва Ҳалилинтар оиласи юртимизда, жумладан, Самарқандда саёҳатда бўлиб, бундан жуда катта таассурот олади. Шу сабабли улар мамлакатимиздаги тарихий-маданий иншоотлар, муқаддас қадамжолар ва халқимиз маданияти, анъана ва урф-одатлари ҳақида “Ўзбекистон – меҳмондўст давлат” (“Uzbekistan negara sahabat”) номли китоб ёзди. Бу китоб 100 минг нусхада нашр этилиб, Индонезияда жуда машҳур бўлган. Мазкур китоб ўзбек тилига таржима қилиниб, Самарқандда нашр этилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, яқинда Ген ва Ҳалилинтар оиласи Ўзбекистоннинг Индонезиядаги лого сфера тарғиботчиси махсус сертификати билан тақдирланиши режалаштирилган.






