Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида 17 йиллик танаффусдан сўнг илк автобус қатновлари 2018 йилнинг январь ойида йўлга қўйилган эди.
Бугунги кунда Тошкентдан Чимкент, Олмаота, Қизилўрда ва Туркистонга, Нукус ва Чирчиқдан эса Олмаота вилоятига автобуслар қатнамоқда.
11 март куни Ўзбекистон пойтахти Тошкент ва Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳри ўртасида автобус қатнай бошлади. Икки ўртадаги умумий масофа 1646 километрни ташкил этади, йўл 28 соатда босиб ўтилади.
Икки пойтахт орасида янги автобус йўналиши учун хизмат кўрсатаётган транспорт корхоналари қатновлар сонини бир кунда тўрт мартагача оширишлари мумкин. Айни дамда ҳар бир шаҳардан кунига битта автобус қатнамоқда.
Қозоғистоннинг “Эйр Астана” авиакомпанияси 1 апрелдан Нур-Султон ва Олмаотадан Тошкентга рейслар сонини оширди. Олмаотадан Тошкентгача бўлган масофа 1 соату 35 дақиқада учиб ўтилади, Нур-Султон–Тошкент рейсининг вақти эса 2 соатга тенг.






