Давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш мақсадида ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди.

Ёшларнинг эртанги истиқболи, маънавиятимиз чархи ва ривожи учун хизмат қилувчи эзгу ташаббусларнинг амалиётга тадбиқи Бўкадан бошланди. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида Тошкент вилоятининг Бўка туманида жойлашган Маданият марказида байрам тадбири бўлиб ўтди. “Ўзбекистон” НМИУ, “Ўқитувчи”, “Чўлпон”, “Шарқ”, “Машҳур-пресс”, Ўзбекистон миллий энциклопедияси каби давлат нашриётлари томонидан чоп этилган китоб карвонининг туманга кириб келиши катта тантанага айланиб кетди.

Ёшлар қалбига тозалик, эзгуликни сингдириш, халқимиз, жумладан, ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, ижодкорлар ва китобхонлар ўртасидаги мулоқотни яхшилаш мақсадида ташкил этилган китоблар кўргазмасида ёзувчиларнинг ҳам иштирок этгани ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Кўргазмага вилоят ҳокими Ғ. Ибрагимов ҳам ташриф буюриб, китоб ярмаркасидан элликдан ортиқ китоб харид қилиб, тумандаги бешта мактаб кутубхонасига тақдим этди.

Ўқувчи-ёшлар билан ўтказилган давра суҳбатида Сирожиддин Саййид, Маҳмуд Тоир, Салим Ашур, Усмон Азим, Анвар Обиджон, Ғофур Шермуҳаммад каби кўплаб атоқли ёзувчилар иштирок этиб, бугун ёшларнинг ҳар соҳада пешқадам бўлиши, вақт билан “мусобақа”да ғолиб бўлишлари, замон талабларига жавоб берадиган баркамол инсон бўлиб улғайишлари учун давлатимиз томонидан беқиёс ғамхўрлик қилинаётгани, фақат маърифат сари қадам босишлари, қалбан инсон бўлиш, ўз-ўзини кашф этиш учун китоб ўқишлари лозимлиги ҳақида фикр билдириб, ўз шеърларидан намуналар ўқиб бердилар. Давра суҳбатидан сўнг таниқли эстрада хонандалари иштирокида концерт дастури намойиш этилди. Тушдан сўнг “Халқ овози” газетаси таҳририятида истеъдодли ёзувчилар томонидан “Маҳорат дарслари” ўтказилди. “Бўка ниҳоллари” иқтидорли ёшлари тўгараги аъзоларига Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг "Ижод" жамоат фонди томонидан уч юзта бадиий китоблар ва компьютер жамланмаси топширилди.
Шу куни ҳамкор ташкилотлар томонидан туманда жойлашган мавжуд 49 та мактабнинг ҳар бирига 200 тадан, маҳаллаларда фаолият олиб бораётган 14 та кутубхона, Болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда Меҳрибонлик уйига 100 тадан, оилаларга 1000дан ортиқ китоблар совға қилинди.






