2006 йилдан буён юртимизда 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишлаб «Олтин қалам» XIV миллий мукофоти учун халқаро танлов ўтказилиб келинмоқда. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ва қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилаётган мазкур танловдан кўзланган асосий мақсад миллий ва халқаро журналистиканинг энг юксак ютуқларини кенг оммалаштириш, маълумотларни аниқ манбаларга асосланган фактлар асосида объектив етказиш, оммавий ахборот воситалари ходимлари фуқаролик позицияларини намоён этишлари учун кенг шароит яратиш ҳамда журналистларда танқидий-таҳлилий мушоҳада ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни шакллантириш ҳамда рағбатлантиришга қаратилган.
Бу йил ўн тўртинчи бор ташкил этилаётган ушбу танловга 2018 йилнинг 31 мартидан 2019 йилнинг 31 мартигача – бир йил давомида газета ва журналларда чоп этилган, радио орқали эфирга узатилган ҳамда телевидениеда кўрсатилган ва интернет нашрларида берилган материаллар 2019 йилнинг 15 апрелигача қабул қилиниши эълон қилинди.
«Олтин қалам» XIV миллий мукофоти учун халқаро танлов доирасида миллий ҳамкорлар таъсис этган номинациялар қаторига бу йил «Ўзбекистонда атом энергетикаси мавзуси ёритилган энг яхши материал учун» номинацияси ҳам қўшилди. Мазкур номинация бўйича ғолибларга Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги – «Ўзатом» ва «Росатом» давлат корпорациясининг махсус мукофотлари топширилади.Бу ҳақда «Ўзатом» агентлиги телеграм каналида хабар қилинган.
Танлов ҳақида батафсил маълумотни қуйидаги манзилдан олиш мумкин.
100011, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 30-уй.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, 3-қават.
Телефонлар: 244-64-61; 244-37-87






