Бугун Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 4-сонли умумтаълим мактабига бориб, ўзи таълим олган ушбу муассасага спорт жиҳозлари ҳамда шахсий кутубхонасидан китоблар совға қилди.
Мактаб жамоаси ва ўқувчилар билан бўлган суҳбат чоғида вазир ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш бўйича Президентимиз томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлашда ҳар бир инсон фаоллик кўрсатиши лозимлигини таъкидлади.

– Умид қиламанки, ўқувчилар бу китобларни ўқиб ўз билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлайди. Ёшларимиз қайси соҳани танламасин, уларнинг ҳар томонлама баркамол инсон бўлиб етишишлари учун нафақат маънан, балки жисмонан ривожланиш ҳам муҳим рол ўйнайди. Шунинг учун, ўқувчилар бўш вақтларини турли зарарли одатларга сарфлашига йўл қўймаслик учун уларни китоб ўқишга, спорт билан шуғулланишга даъват этишимиз зарур, – деди Дилмурод Набиев.






