Бухоро шаҳридаги “Authentic Travel” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Сув минораси” иншооти негизида "Бухоро минораси" (Bukhara tower) туристик мажмуаси фойдаланишга топширилди.
“Сув минораси” бундан 90 йил илгари Бухоро шаҳрининг бир қисмини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида рус муҳандиси В.Шухов лойиҳаси асосида барпо этилган. Шаҳарнинг тарихий марказида гиперболит шаклида металл конструкциялар асосида қурилган минора ўзининг меъморий ечими билан ажралиб туради. У 45 йилдан кўпроқ вақт мобайнида аҳолига хизмат қилди ва кейинчалик маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинди.

Иншоотнинг ўзаги ва асоси тўлалигича сақлаб қолинган ҳолда пойдеворини мустаҳкамлаш мақсадида ер сатҳини пасайтириш ва минора юқори қисмини гумбазсимон шаклда кўтариш ҳисобига унинг баландлиги 32 метрдан 40 метрга етказилди. Ободонлаштириш ва хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш учун объект ҳудуди бир мунча кенгайтирилди.

Бугунги кунда Бухорода хорижий инвесторлар иштирокида ва улар билан ҳамкорликда сайёҳлик йўналишидаги 10 дан зиёд корхона фаолият кўрсатмоқда.






