АсосийJamiyat

Сиз излаган китоблар “Ёшлар ижод саройи”да кутмоқда

'Сиз излаган китоблар “Ёшлар ижод саройи”да кутмоқда 'ning rasmi

Бугун “Ёшлар ижод саройи”қўлида китоб тутган ёшларга тўла эди. Сабаби Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамда Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан ташкиллаштирилган “Наврўз” китоб байрами хайрия акцияси бошланди. Китобсеварларнинг маънавий эҳтиёжини қондириш мақсадида ўтказилган мазкур тадбирда ноширлар, ёзувчилар, шоирлар, адабиётга ихлоси баланд ёшлар, ижодкорлар иштирок этди.

—Дунёда ҳар хил карвонлар бор, —дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо. — Озиқ-овқат ортилган, ўйинчоқлар ортилган, қурол-яроғ ортилган карвонлар шулар жумласидандир. Лекин китоблар ортилган карвонни ҳеч қайси неъматга қиёслаб бўлмайди. Китоб билан йўлга чиққан одам мақсадига, албатта, эришади. Чунки маърифат ҳеч қачон енгилмаган.

Тадбирда Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси ташкилотлари миллий ассоциацияси директори Эркин Абдураҳмонов сўзга чиқиб, “Замонавий ноширлик иши: муаммолар, таклиф ва ечим” мавзуида маъруза қилди. Китоб нашри ва савдосига чуқур билимга эга кадрлар тайёрлаш ва уларнинг салоҳиятини ошириб боришга хизмат қиладиган ўқув дастурлари яратиш бўйича бир қатор таклифларни ўртага ташлади.

—Бизда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган китобхонлар учун китоблар нашр этилади, —дейди “Янги аср авлоди” нашриёти маркетологи Нодира Иминжонова. – Ҳозирги кунда китоб дўконларимизда кўпинча детектив жанрдаги китобларнинг харидори кўп. Шунинг учун китобхоннинг талабини ҳисобга олган ҳолда талабдан келиб чиқиб китобларни чоп этамиз. Айниқса, Тоҳир Малик, Ўткир Ҳошимов асарлари ўз вақтида китобхонини топиб олади. Болалар адабиёти бўйича болажон шоиримиз Анвар Обиджонга юзланамиз. Менимча, нашриётларни кўпроқ ташвишлантирадиган ҳолат болаларга тавсия этиш учун асарларнинг етарли эмаслигидир. Бу оғриқли нуқтамизга тезроқ малҳам топишимиз керак. Чунки китобга меҳрни болаликдан шакллантирган яхши.

Эслатиб ўтамиз, эртага ҳам “Наврўз” китоб маҳсулотлари савдо кўргазмаси кун бўйи давом этади.

Келинг! Сиз излаган китоблар “Ёшлар ижод саройи”да кутмоқда.

    Бошқа янгиликлар