Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида делегация аъзолари билан вазирлик раҳбариятининг учрашуви бўлиб ўтди. Дўстона руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазири Вероника Скворцова тиббиёт ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ҳамда бу борадаги янги лойиҳаларни атрофлича муҳокама қилдилар, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва тиббиёт университетлар ўртасида ҳам фаол алоқалар мавжуд. 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб юртимизда И.М.Сеченова номидаги Москва давлат тиббиёт университетининг филиалини очиш кўзда тутилган бўлиб, бу борада қўшма факультетларни ташкил этиш, бакалавриат, магистрлик ва клиник ординатурада таълим дастурларини тайёрлаш борасида шартномалар тузилди.
Шунингдек, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳамкорлигида «Педиатрия иши» ва «Даволаш иши» таълим йўналишлари бўйича қўшма факультет ташкил этилади.
Жорий йил сентябрдан Россиянинг Халқлар дўстлиги университети ва Тошкент давлат стоматология институти биргаликда «Дерматовенереология» йўналишида қўшма факультет очиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Оренбург давлат тиббиёт университети ва Тошкент давлат стоматология институти ҳамкорлигида «Даволаш иши» ва «Клиник психология» йўналишида ҳам қўшма факультетлар ташкил қилинади.
Санкт-Петербург педиатрия тиббиёт университети ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали билан биргаликда эса олтита: «Акушерлик ва гинекология», «Болалар жарроҳлиги», «Травматология», «Педиатрия», «Стоматология» ва «Онкология» йўналишларида халқаро факултетлар ташкил қилиш ҳам кўзда тутилган.

Қайд этилишича, делегация аъзолари республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, хусусий клиникалар, бирламчи тиббий ёрдам муассасалар ҳамда тиббиёт олий ўқув юртларига ташриф буюрадилар.






