Президентимизнинг 2018 йил 5 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан миллий ташувчи “Uzautotrans Service“ МЧЖ ва Қозоғистоннинг “КазАвтоТранс“ корхонаси “Тошкент-Остона-Тошкент” йўналишида мунтазам халқаро автобус қатновини йўлга қўйди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мазкур йўналиш масофаси 1646 километр бўлиб, йўловчилар 27 соат 30 дақиқада манзилига етказилади. Йўл ҳақи 312 000 сўм этиб белгиланган. Мазкур йўналишда Қозоғистон томонидан VANHOOL Ўзбекистон томонидан эса замонавий YUTONG автобуслари хизмат кўрсатади.
Остонадан автобуслар Қозоғистон вақти билан 15:00, 16:00, 17:00, 18:00да йўлга чиқади. Пойтахтимиздан эса 12:00, 14:00, 16:00, 18:00 да жўнаб кетади. 10 март кунидан эътиборан мазкур йўналишда ҳар куни биттадан рейсни амалга ошириш режалаштирилган. Келгусида эса қатновларни кунига 4 маротабага етказиш кўзда тутилган. Мазкур йўналиш бевосита Қозоғистоннинг Қарағанда шаҳри орқали ўтади. Айнан бу ерда ҳам йўловчиларни тушириш ва олиш назарда тутилган. Қарағанда шаҳригача йўлкира нархи 260 000 сўмни ташкил этади.
Шу кунга қадар Қозоғистон Республикасига “Тошкент-Чимкент“, “Тошкент-Олмаота, “Тошкент-Қизил Ўрда“, “Тошкент-Туркистон“, “Нукус- Ушкунур“, “Чирчиқ-Ушкунур“ йўналишларида қатновлар амалга оширилмоқда.
Халқаро автобус қатновларининг йўлга қўйилиши давлатлар ўртасида аҳоли қатновини кўпайтириш ва икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Шунингдек, қўшни давлатларнинг савдо-иқтисодий алоқалар ривожланишига ижобий туртки беради.






