Бугун Ўзбекистоннинг Бельгиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дилёр Ҳакимов Жаҳон божхона ташкилоти (WCО) бош котиби офисининг ижрочи директори Алан Ҳаррисон билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтида хабар қилинди.
Дунёнинг деярли барча мамлакати божхона хизматлари мазкур ташкилот аъзолари ҳисобланади. Ташкилотнинг фаолият йўналиши товарларни таснифлаш, божхона қийматини белгилаш, маҳсулотларнинг келиб чиқиши қоидалари, божхона божлари, таъминот занжири хавфсизлиги, халқаро савдо тартиб-қоидаларини соддалаштириш, божхона ҳуқуқбузарликларига ҳамда контрафакт маҳсулотларга қарши кураш каби йўналишларда халқаро ҳужжатлар, конвенцияларни ишлаб чиқиш, шунингдек, интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва коррупциянинг олдини олишга қаратилган.
Учрашув давомида ЖБТ бош котиби Кунио Микуриянинг 5 — 7 март кунлари Ўзбекистонга бўладиган ташрифининг асосий жиҳатлари келишиб олинди.
Музокаралар якунида томонлар Ўзбекистоннинг божхона хизматининг интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза этиш соҳасидаги институционал салоҳиятини оширишга ташкилот томонидан амалий ёрдам берилишини таъкидладилар. Шунингдек, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ЖБТ томонидан юртимиз божхона хизмати вакиллари учун “Аэропортда йўловчилар ва юкларни назорат қилиш“ ҳамда “Божхона назорати самарадорлигини баҳолаш методлари“ каби мавзуларда семинарлар уюштирилиши, бошқа қатор махсус қўшма лойиҳалар ва тадбирларни ўтказиш режалаштирилаётгани алоҳида қайд этилди.






