Ўзбекистон ва Швеция бизнес вакиллари иштирокида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда “Business Sweden” Кенгаши томонидан бизнес-форум ўтказилди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги PR маркази хабар бермоқда. Бизнес-форум давомида Ўзбекистон идораларининг ваколатли вакиллари томонидан тақдимотлар бўлиб ўтди. Унда ҳамкорлик учун истиқболли йўналишлар тақдим этилди.

Швеция Қироллигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси (Қароргоҳи Стокголм шаҳрида) Ингрид Терсман бошчилигидаги делегация мамлакатимизда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида истиқболли йўналишларни муҳокама қилиш учун ташриф буюрди. Делегация таркиби Швеция “Bussiness Sweden” Савдо ва Инвестиция Кенгашининг Евроосиё бўйича директори ва ташкилот мутахассислари, “ABB Safegate”, “Scania”, “Ericsson”, “Alfa Lacal Potok”, “Epirok”, “EF Education First” ҳамда “Сандвик: кончилик ва кон технологияси” компаниялари раҳбарларидан иборат.
Швеция компаниялари энергетика, нефт-газ, тоғ-кон саноати, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, авиация ва ҳаво транспорти ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари каби соҳаларда фаолият юритмоқда.
Бугунги кунда Швеция муҳим табиий ресурсларга, ривожланган ички ва ташқи транспорт инфратузилмаси, юқори малакали аҳолига эга бўлган саноати ривожланган мамлакатдир.
Тадбир якунида “EF Education First” компанияси ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Имзоланган меморандумга биноан, томонлар инсон капитали ривожланиши соҳасида тажриба алмашадилар ва инглиз тилини ўз ичига олган хорижий тил ўқитувчиларини тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик қилишади ва уларнинг билимларини баҳолашади.






