Кеча, 12 февраль куни “Халқлар дўстлиги” саройи олдидаги майдонда маҳаллаларда жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар юз беришини олдини олиш, фуқаролар осойишталигини таъминлашда ўзининг хизматлари билан муносиб ҳисса қўшган профилактика инспекторлари ҳамда маҳалла фаолларини рағбатлантириш мақсадида тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант П.Бобожонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев сўзга чиқиб, алоҳида ўрнак кўрсатган 120 нафар профилактика инспекторлари ҳамда 48 нафар маҳалла фаолларини табрикладилар, уларга жамоат хавфсизлигини таъминлашни рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан пул мукофотлари тақдим этилди.
Тадбирда Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатдан ҳокимият ва бошқа давлат органлари, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилгани таъкидлаб ўтилди.

“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни”да аҳоли ўртасида кенг қамровли ҳуқуқий-маърифий тарғибот тадбирлари ўтказилиши билан бирга бундай тадбирларда жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, жиноят содир этишга олиб келган шарт-шароитлар таҳлил қилиниб, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик иштирокида зарур чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Шунингдек, пойтахт ички ишлар органларининг ахборот-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 2018 йилда кўча ва жамоат жойларига, объектлар ҳамда хонадонларга жами 30 мингдан ортиқ видеокузатув мосламалари ўрнатилди. Бунинг натижасида 2018 йилда Тошкент шаҳрида умумий жиноятлар сони 2 баробарга камайгани ва ушбу жараён жорий йилда ҳам давом этаётгани ҳамкорликда қилинган ишларнинг самара бераётганлигини қўрсатиб турибди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабарига кўра, бундан ташқари профилактика хизмати ходимларининг 1048 нафари қидирув, шахсни идентификация қилиш, профилактик ҳисоб GPS назорати каби маълумотлар базасига онлайн уланган хизмат уяли алоқа воситалари билан таъминланди.
Натижада фуқароларнинг шахсини аниқлашда ортиқча оворагарчиликларга барҳам берилди. “Фидокор ёшлар” гуруҳларида фаол иштирок этган ёшлардан 448 нафари ички ишлар органлари сафига қабул қилинганлиги, 81 нафарига Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари олий таълим муассасаларига ўқишга киришлари, 1005 нафарига эса ҳарбий хизматга боришлари учун тавсияномалар берилганлиги ёшларда ватанпарварлик руҳини шакллантиришга хизмат қилмоқда.






