Кеча, 7 февраль куни Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясида пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани аҳолиси ўртасида жиноятчиликни барвақт олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини янада ошириш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича ташқивот ва тарғибот гуруҳларини тузиш ва вазифаларини белгилашга бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда туман ҳокимлиги, Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тарғибот гуруҳларининг вазифаси сирасига аҳоли билан ҳуқуқий-профилактик тадбирларни ташкил этиш, кам таъминланган оилалар ҳамда боқувчисини йўқотган кексалар ҳолидан хабар олиш, жазони ўтаб қайтган фуқаролар билан суҳбатлар ўтказиш, маҳаллаларда меҳнат ва китоб ярмаркалар ташкил этиш, ўқувчи ва тарбияси оғир ёшларни спорт тўгараклари ҳамда маданий тадбирларга, экскурсияларга кенг жалб этишга эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Тадбир давомида Мирзо Улуғбек туманида 2018 йил мобайнида содир этилган жиноятчилик ҳолатлари таҳлил қилинди. Ўтган йил давомида жами 738 та турли хил кўринишдаги жиноятлар содир этилган бўлса, 2019 йилнинг январь ойида ушбу кўрсаткич айнан туман миқёсида 32 тани қайд этгани таъкидланди.


Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти 2018 йил 24 декабрдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди. Унда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимида ўзаро мақсадли ҳамкорликни ташкил этиш, жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳамда жамоатчилик тузилмалари ҳамкорлигини йўлга қўйиш белгилаб берилганди.
Эндиликда Мирзо Улуғбек туманига Мудофаа вазирлиги ҳам масъул этиб белгиланди.






