Пойтахтимиздаги "International Hotel Tashkent" меҳмонхонасида буюк адиб Абдулла Қодирий қаламига мансуб "Ўтган кунлар" романининг инглиз тилидаги таржимаси тақдимоти ўтказилди.
Ислом Каримов фонди ташаббуси билан Франциянинг Nouveau Monde Editions нашриётида замонавий полиграфия талаблари асосида чоп этилган мазкур китоб англиялик таржимон ва адабиётшунос Кэрол Ермакова томонидан инглиз тилига ўгирилган. Тақдимот Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 81 йиллигига бағишланди.

Маълумки, "Ўткан кунлар" ўзбек тилида ёзилган биринчи роман бўлиб, жорий йилда унинг дастлабки боблари ёзила бошлаганига 100 йил тўлади. Асарда Отабек ва Кумуш муҳаббати XIX аср ўрталарида мамлакатимизда юз берган ижтимоий-сиёсий воқеалар фонида кўрсатиб берилган. Айни пайтга қадар асар рус, немис, турк, тожик, қозоқ, туркман ва бошқа кўпгина тилларга таржима қилинган. Асарнинг инглиз тилидаги илк таржимаси энди амалга оширилди.

Тақдимот маросимида мамлакатимизнинг бир қатор маданият ва санъат арбоблари, адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар иштирок этишди. Тақдимот аввалида Ислом Каримов фонди раҳбари Лола Каримова-Тиллаеванинг мазкур нашр муносабати билан ўқувчиларга йўллаган мурожаати ўқиб эшиттирилди.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекисон Халқ артисти Гулчеҳра Жамилова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Саъдуллаева ва бошқалар мазкур асарнинг ўзбек халқи маданий ҳаётида тутган ўрни, ушбу асар асосида суратган олинган фильмнинг яратилиш жараёни, таржима нашрининг адабиётимиз тарғиботидаги аҳамияти хусусида тўхталиб ўтдилар.
Тадбирда таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар иштирокчиларни хушнуд этди. Тақдимот сўнгида иштирокчиларга “Ўткан кунлар” романининг ўзбек ва инглиз тилидаги нусхалари туҳфа этилди.






