Фуқаро З.К. фуқаро О.дан «Chevrolet cobalt» русумли автомашинани автосалонда ишловчи танишлари орқали навбатсиз олиб бериш эвазига 400 АҚШ доллари олди...
Аммо унинг долларни қўлига олган вақтдаги ҳурсандчилиги узоққа чўзилмади. У Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтиссодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Жарқўрғон тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинди.
Тадбир давомида ушланган фуқаро З.К.нинг ёнида 17 минг 850 АҚШ доллари ва 773 минг сўм пул маблағлари борлиги аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан изоҳ сўралганда, у долларларни Жарқўрғон тумани деҳқон бозори атрофида ноқонуний валюта олди-сотдиси билан шуғулланувчи нотаниш шахслардан ҳар бир АҚШ долларини 8350 сўмдан ҳисоблаб, кейинчалик қайта сотиш мақсадида сотиб олганлигини маълум қилган.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан фуқаро З.К.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
18.01.2019 05:27
"Cobalt"ни навбатсиз олиб бериш учун "шапка" олган шахс ушланди






