Наманганда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Аскар оналарини шарафлаймиз!” шиори остида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Наманган вилояти ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, мудофаа ишлари бошқармаси ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида Наманган Ёшлар марказида ўтказилган тантанали маросимда мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар давлатимизнинг мудофаа салоҳиятини оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди.

– Қуролли Кучлар сафида хизмат қилиш, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш шарафли бурч, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси И.Қўчқорова. – Миллий армиямизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўлида кенг кўламли маънавий-маърифий тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Мазкур тадбир нафақат ёшлар, балки ота-оналар учун ҳам катта рағбат вазифасини ўтайди.
Тадбирга таклиф этилган, айни пайтда армия сафида йигитлик бурчини ўтаётган аскарларнинг оналарига иззат-икром кўрсатилиб, уларга ташаккурнома ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
– Ўғлим Мансуржон Навоий вилоятида йигитлик бурчини ўтамоқда, – дейди М.Жўраева. – Ҳозир бу ерда фарзандим шаънига айтилган илиқ сўзлардан жуда тўлқинланиб кетдим. Ўғлим хизмат қилаётган ҳарбий қисм командирининг ташаккурномаси билан тақдирланишим кўнглимни тоғдек кўтарди.









