Германия пойтахти Берлинда жойлашган дўконлардан бири яроқлилик муддати ўтган озиқ-овқатлар савдосини йўлга қўйди, дея хабар берди Bbc.com нашри.
Дўкон эгаси Рафаэль Фельмер ҳар ой сўнгида супермаркет ва ресторанлардан яроқлилик муддати ўтган ёки яқинлашиб қолган озиқ-овқат маҳсулотларини йиғиб келади. Уларни эса саралаб сифатлиларини савдога қўяди. Унинг фикрига кўра, озиқ-овқатлар муддати ўтган, деган белгиси бўлишига қарамай, ҳамон истеъмолга яроқли бўлиб, инсон саломатлиги учун мутлақо хавфсиз.
Савдо пештахталарига яроқлилик муддати ўтган, деб ёзиб қўйилган. Харидорлар уларни ҳидлаб, текшириб, шундан сўнг 30-80 фоиз арзон нархга харид қилишмоқда. Рафаэль Фельмернинг таъкидлашича, бу атроф-муҳит тозалигига, бизнесига ва одамлар учун ҳам фойдали ишдир.






