Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Жиззах ва Қашқадарё вилоятларидаги вилоят халқ таълими бошқармалари бошлиқлари вакант лавозимларига бўш иш ўринларини эълон қилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ушбу лавозимларга биринчи марта очиқ танлов ўтказмоқда. Авваллари халқ таълими бошқармалари бошлиқларини тайинлаш тизими шаффоф эмаслиги боис бир қанча саволлар юзага келар эди.
Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари халқ таълими бошқармалари бошлиқлари лавозимларига бўш ўринлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг расмий (http://ish.uzedu.uz) сайтида эълон қилинди. Ушбу бўлим халқ таълими соҳасида АКТни ривожлантириш маркази ва вазирликнинг Ходимлар билан ишлаш бошқармаси мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган ва 2018 йил декабрь ойининг иккинчи ўн кунлигида ишга туширилган.
Ҳозирда ish.uzedu.uz сайтига ташриф буюрувчилар Тошкент шаҳридаги мактаблар, халқ таълими бошқармалари, шунингдек Халқ таълими вазирлигининг республика ташкилотларидаги бўш иш ўринлари билан танишишлари мумкин. Синов муваффақиятли якунлангач, мазкур тизим Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилади.
Бўш иш ўринларини очиқ эълон қилиниши номзодларнинг маълумотлар базасини яратишга ҳамда энг яхши номзодларни танлаб олишга имкон беради.
Халқ таълими вазирлигининг Ходимлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Азиз Каримов бу ҳақда шундай дейди: «Айни пайтда Халқ таълими вазирлиги томонидан тизимдаги барча жараёнларнинг ошкоралигини таъминлаш устида иш олиб борилмоқда. Бўш иш ўринларининг жамоатчиликка очиқ эълон қилиниши орқали номзодлар танлашда рақобат кучайтирилади. Бу эса ўз навбатида малакали мутахассисларни танлаш имкониятини юзага келтиради».
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги олдига ўқитувчиларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича илғор ва ошкора ташкилий-ҳуқуқий механизмларни йўлга қўйиш орқали халқ таълими тизимида кадрлар сиёсатини шакллантиришнинг замонавий тамойилларини жорий этиш вазифаси топширилган. Айни вақтда Ходимлар билан ишлаш бошқармаси мазкур тизимни такомиллаштириш бўйича иш олиб бормоқда.






