Адлия вазири буйруғи билан “Энг яхши корпоратив юридик хизмат” республика танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.Низомга мувофиқ, танлов Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.
Танловда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча тижорат ташкилотларининг юридик хизматлари ҳамда олий юридик маълумотга эга бўлган, иш стажи ва лавозимидан қатъи назар юридик хизмат ходимлари иштирок этиши мумкин.
Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлимидан хабар қилишларича, танлов иштирокчиларидан ҳужжатларни қабул қилиш 2019 йил 15 январдан 15 февралга қадар давом этади.
Ҳужжатлар 2019 йил 20 февралдан 30 мартгача кўриб чиқилади.
Низомга биноан танловни ўтказишда якунланган йил давомида амалга оширилган ишлар ҳисобга олинади. Бунда иштирокчилар тегишли анкетада кўрсатиб ўтилган 10 та йўналиш бўйича қилинган ишларни yurist@adliya.uz электрон почтасига юборади.
Иштирокчилар фаолияти шу асосда таҳлил қилиниб, ҳар бир йўналиш бўйича 10 баллдан – жами 100 баллгача баҳоланади. Энг юқори балл тўплаган 7 та юридик хизмат кейинги босқичда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Шунга кўра, навбатдаги босқичда юридик хизмат раҳбарлари ҳакамлар ҳайъати томонидан суҳбатдан ўтказилиб, энг яхши 3 та юридик хизмат аниқланади.
Танлов ғолиблари “Tashkent Law Spring” халқаро юридик форумида тақдирланади.






