Сергели туманида мамлакатимиз солиқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ташкил этилди. Унда 500 нафардан зиёд тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Юзма-юз мулоқот жараёнида Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Н.Турсунов, Сергели туман ҳокими Н.Хусанов, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Ж.Мирпўлатов келгуси йилдан солиқ қонунчилигига киритилаётган ўзгариш ҳамда янгиликлар хусусида иштирокчиларга батафсил тушунтириш берди.
Қайд этилганидек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармонига асосан, ходимлар сонидан қатъи назар, товар айланмаси 1 миллиард сўмдан юқори бўлган субъектлар умумбелгиланган солиқ тўловига ўтади.
– Бугун мамлакатимиз солиқ маъмуриятчилигида янги тизим яратилди. Яъни, солиқ хизмати органлари текширувчи эмас, хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айланмоқда, – деди Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Нормат Турсунов. – Жумладан, пойтахтимиз тадбиркорлари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида барча туман давлат солиқ инспекцияларида “Маслаҳат хизматларини кўрсатиш” дарчалари ташкил этилди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси томонидан йиллик айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган тадбиркорлик субъектларини ўз вақтида умумбелгиланган солиқ тўлашга ўтказиш юзасидан пойтахтимизнинг барча туманларида ўтказилган тадбирларда 4 мингга яқин солиқ тўловчилар иштироки таъминланди. Ўйлаймизки, бугунги семинарда ҳар бир иштирокчи ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олади ҳамда барча муаммолар шу ерда ҳал этилади.

Маълумотларга кўра, Сергели туманида амалдаги солиқ қонунчилиги асосида 108 та қўшилган қиймат солиғи тўловчилар мавжуд бўлиб, улар томонидан бюджетга 149,2 млрд сўм тушум таъминланган. Жорий йилнинг 9 ойи якунлари бўйича тумандаги йиллик айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган 430 та ягона солиқ тўловчилар келгуси йилдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтади.
Семинарда солиқ тўловчилар солиқ соҳасига оид саволларга тезкор жавоб топиши учун “Telegram” ижтимоий тармоғида Сергели туман давлат солиқ инспекциясининг расмий канали (Сергели-плательщики НДС, @Nodir0033, @Dilorom56, @DIDI9454) очилгани маълум қилинди.

Шунингдек, тумани давлат солиқ инспекциясининг малакали ходимларидан иборат маслаҳат гуруҳи ташкил этилиб, жойларга чиққан ҳолда тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, Сергели туманида руйхатдан ўтган «Ariya teks» масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюриб, корхона ҳисобчиси ва раҳбари иштирокида қўшилган қиймат солиғи тизимига ўтиш тартиби тўғрисида батафсил малумотлар берилди.
Семинарда иштирокчиларга қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш тартиби акс этган видеоролик кўринишидаги 500 дан зиёд қўлланма ҳамда буклетлар тарқатилди.
Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси
Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси






