2018 йилда Ўзбекистоннинг 10 та муҳим халқаро ташаббуси тўлиқ амалга оширилди, деб хабар бермоқда ТИВ.
Улар орасида, 15 мартда Остонада Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи Маслаҳатлашув учрашувларининг ўтказилишини, БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» (22 июнь) ва БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» (12 декабрь) резолюцияларининг қабул қилинишини алоҳида таъкидлаш мумкин. Ушбу форматдаги иккинчи урашув 2019 йилнинг апрелида Тошкентда бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ўтказилган Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси ва давлат раҳбари илгари сурган Афғонистон можаросини ҳал этиш ва уни минтақавий иқтисодий лойиҳаларга жалб қилиш бўйича таклифлари кенг миқёсда халқаро эътирофга сазовор бўлди.
6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабзда 70 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирокида биринчи Мақом санъати халқаро форуми бўлиб ўтди. Тадбир иштирокчилари ва меҳмонларининг фикрича, ушбу форум жаҳон маданиятининг мулкига айланган ноёб ўзбек миллий мақомини сақлаш ва ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Синдаода (9 июнь) бўлиб ўтган навбатдаги саммитида Ўзбекистон Президентининг таклифига мувофиқ ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури қабул қилинди. Ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши Ўзбекистон Республикаси вакили – В.Норовни ШҲТнинг Бош котиби этиб сайлади.
27 ноябрда БМТнинг Ню-Ёркдаги бош қароргоҳида БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди фаолияти бошланишига бағишланган юқори даражадаги тадбир бўлиб ўтди.
Фонднинг асосий вазифаси Ўзбекистон, БМТ ва халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, техник-молиявий ресурсларни сафарбар этиш, минтақага инновацион технологияларни жалб қилиш орқали Оролбўйи ҳудудини ривожлантиришга кўмаклашишдан иборат.
2018 йилнинг ноябрида Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллигига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтди. Форум жаҳон ҳамжамияти томонидан инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини юксалтиришга, манфаатлар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлашга қаратилган ижтимоий аҳамиятга молик глобал воқеа сифатида эътироф этилди.
11 декабрда Америка Қўшма Штатлари Давлат департаменти «Диний эркинликни тизимли, давомий ва жиддий равишда бузишда иштирок этувчи мамлакатлар рўйхатидан» Ўзбекистонни чиқарганлигини эълон қилди. Бу қарор мамлакатимизда амалга оширилаётган чуқур ислоҳатларнинг халқаро миқёсда эътироф этилишининг муҳим далилидир.
Шунингдек, жиддий эътиборимиз ва сайъи ҳаракатларимиз миллий маҳсулотларимиз экспортини кенгайтириш ва диверсификация қилиш, мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб этиш, сайёҳлик саноатини ривожлантиришга қаратилган.
Жорий йилнинг охиригача 2,7 миллиард доллар (2017 йилда – 2,49 миллиард) миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш кутиляпти. 61 янги лойиҳа доирасида, жами 1,6 миллиард долларлик қўшма корхоналар ташкил етилди ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ривожлантириш бошланди. Умуман, ўтган 2018 йил мобайнида 1400 га яқин янги қўшма ва хорижий корхоналар ташкил этилди.
Мамлакатга сайёҳлик оқимини кўпайтириш мақсадида кўп ишлар олиб борилди. 2018 йил мобайнида Ўзбекистонга 4 миллионга яқин хорижий фуқаролар ташриф буюришди (2017 йилга нисбатан 107 фоизга ошди).
Хорижий сайёҳларни мамлакатга жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ишлар олиб борилмоқда. 9 та давлат фуқаролари учун 30 кун муддатгача визасиз тартиби, 39 та мамлакат фуқароларига виза беришнинг соддалаштирилган тартиби ўрнатилди. Аэропортларда 72 соатлик транзит визалари берилмоқда ва хорижда электрон визалар бериш тизими жорий этилди.
Вазирлик ва дипломатик миссияларимиз фаолиятида ватандошлар билан мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Ташқи ишлар вазирлиги тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 окятябрдаги 3982-сонли қарори билан тасдиқланган "Хорижда истиқомат қилувчи ватандошлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсати консепциясини” ишлаб чиқди.
Консепция ватандошларимизнинг мамлакатамизда касбий фаолиятини амалга ошириши учун қулай шарт-шароитлар яратишга, шунингдек, уларнинг салоҳиятларини Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга жалб қилишга қаратилган.
Бундан ташқари, хорижда истиқомат қилувчи ватандошлар билан интерактив мулоқот механизми ишлаб чиқилди ва амалиётга тадбиқ қилинди. Жорий йилда 160 дан ортиқ тадбирлар - видеоконференциялар, брифинглар, тақдимотлар ва ватандошлар билан учрашувлар ўтказилди.
Ташқи сиёсатнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича вазирлик томонидан изчил иш олиб борилмоқда.
Олий Мажлис Сенатининг 13-14-декабрь кунлари бўлиб ўтган 17-ялпи мажлисида «Халқаро шартномалар тўғрисида» ва "Консуллик низомини тасдиқлаш тўғрисидаги” қонун лойиҳалари (янги таҳрирда) тасдиқланди.
«Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти консепциясининг» янги таҳрирдаги нусхаси ишлаб чиқилди ва мувофиқлаштиришнинг якуний босқичида.
Чет элларда Ўзбекистон фуқароларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича хориждаги консуллик муассасаларининг фаолияти кучайтирилди. Санкт-Петербург, Қозон, Екатеринбург, Владивосток ва Олмота шаҳарларида бош консулхоналар очилди. Ростов-Дон, Актау (Қозоғистон), Гуанчжоу (Хитой) ва Ўш (Қирғизистон) шаҳарларида бош консулхоналар очиш борасида иш олиб борилмоқда.
Келгуси 2019 йилда ҳам давлатимиз раҳбари бошчилигида муҳим ташқи сиёсий тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган. Бу тадбирлар Ўзбекистоннинг хорижий шериклари билан ўзаро манфаатли муносабатларини ривожлантиришга, миллий манфаатларини самарали ҳимоя қилишга ва йирик халқаро ташаббусларини амалга оширишга қаратилган бўлиб, Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини янада кучайтиришни талаб қилади.






