Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Сурхондарё вилоятидаги 100 та мактабни ўрганиб чиқиб, Q-Box ускунасини қўйиш имкониятларини аниқлади. 20-23 декабр кунлари вилоятдаги 20 та мактабга мазкур мослама ўрнатилиб, ўқувчиларга топширилди.
Вазирлик ахборот хизматининг бизга маълум қилишича, эндиликда Термиз, Сариосиё, Денов, Шўрчи, Музробод, Жарқўрғон ва Бойсундаги Q-Box ўрнатилган мактабларда таълим олаётган ўқувчи ҳамда талабалар Wi-Fi тизими шаклида таълим дастурларини ва маълумотлар базасини ўз ичига олган йирик контентдан фойдаланиш имконига эга бўлишади.
Унга компьютер, смартфон, планшет, ноутбук орқали худди Wi-Fi га улангандек кириб, ўзи истаган ресурслардан фойдаланиши мумкин. Бошқача қилиб айтганда, интернетга уланмасдан туриб, айнан ушбу тармоқ бера оладиган маълумотларга эгалик қилиш имкониятини тақдим этади. Q-Boxда инглиз, рус, француз, немис, корейс, хитой ва бошқа тилларни ўргатувчи замонавий интерактив курслар, таржимонлар, энциклопедиялар ва бошқа керакли ўқув курслари ҳам мавжуд.
Q-Box мактаб ўқувчиларнинг дарслик билан боғлиқ муаммоларини ечишда ҳам ёрдам беради. Чунки унда барча синфларга оид китобларнинг электрон нусхаси бўлади. Internet Q-Box мосламаси Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий Кутубхонасидаги мавжуд адабиётларнинг босма шаклидаги барча манбаларини ўзида жамлай олади.
Лойиҳанинг иккинчи босқичи – EDUBOOK ускунаси билан мактабларни жиҳозлашдир. Персонал компьютерлар нархларининг юқорилиги, кўп мактабларда, айниқса, қишлоқ жойларида моддий-техник базанинг етишмаслигига олиб келмоқда.
Натижада, болаларнинг юқори технологиялар ёрдамида интерактив илм олиш жараёни кечикиб, айнан шу соҳада ривожланишда ортда қолмоқда. Арзон ва айнан болаларнинг илм олиши учун мослаштирилган махсус дастурли EDUBOOK компьютерлари айни муаммони ечишга қаратилган.
Ушбу компютерларда астрономия, геометрия ва чизмачилик, географияга алоқадор 3D чизмалар, махсус лаборатория ишлари ва энг асосийси, болалар учун рақамли кодлаш дастурлари ўрнатилган.
24.12.2018 05:57
Инновацион ривожланиш вазирлиги Сурхондарёдаги мактабларга Q-Box ўрнатмоқда






