18-20 декабрь кунлари «Ёшлар ижод саройи»да Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги «Ёшлар–келажагимиз» жамғармасининг «Ёш тадбиркорлар» форуми бўлиб ўтди. Унда «Ёшлар – келажагимиз» Давлат дастури доирасида имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган 100 нафардан ортиқ ёш тадбиркорлар ўз маҳсулотлари кўргазмаси билан иштирок этмоқда. Кўргазмада иштирокчилар ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатишнинг турли йўналишларидаги маҳсулотларини форум қатнашчиларига намойиш этди. Форумда хорижлик ишбилармонлар ҳам ўз маҳсулотларини кўргазма қилди.
Форумга 22 ёшли Жавоҳир Муҳаммаджонов “Ёшлар–келажагимиз жамғармасидан энг кам 7 фоиз билан 150 млн. сўм кредит олиб, Фарғона вилояти, Риштон туманида бизнес лойиҳасини амалга оширди. Чинни идишлари ишлаб чиқарувчи корхонада 5 та ишчи ўрни яратди. Хитой билан шартнома асосида дастгоҳ олиб келиб, кунига 6 хил турда 6 минг дона чинни идишлари ишлаб чиқаряпти.
Дастлабки кун «Ёшлар ижод саройи»да «Ёш тадбиркорлар» форумининг очилиш маросими ўтказилди. Тадбирда хитойлик тажрибали тадбиркорлар ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси – Қаҳрамон Қуранбоев, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси – Адҳам Икрамов, «Ёшлар–келажагимиз» жамғармасининг ижрочи директори – Бунёдбек Бахромбековлар иштирок этиб, унда «Ёшлар–келажагимиз» Давлат дастурининг ижроси ҳамда «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси томонидан йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Шунингдек, Кичик бизнес учун Хитойнинг Шинжон маҳсулотлари ва ускуналари кўргазмасида ҳам Хитойнинг 30 дан зиёд йирик ишлаб чиқарувчилари томонидан яратилган ускуна ва технологиялар намойиш этилди.
— «Ёшлар–келажагимиз» жамғармасидан 68 млн. сўм кредит олиб, Термиз шаҳрида қишки шўбалар ишлаб чиқарувчи тикув цехини барпо этдик. Иш жараёнида дастлаб, Бухородан Қоракўл қўйларининг қорин ва оёқ териларини келтириб, аввал андоза оламиз, сўнгра бичиб, тикувга тайёрлаймиз. Маҳсулотимизнинг сифати ишлатилаётган терига боғлиқ. Биз фаолиятимизда фақат асл теридан фойдаланамиз. Асл тери сунъийсидан қалинлиги, юнги тўкилмаслиги билан фарқланади. Ҳозирда тикув цехига 3 нафар ёшларни ишга қабул қилганман, – дейди форум қатнашчиси Фотима Аннаева.
Тадбирлар давомида «Ёшлар–келажагимиз» Давлат дастури доирасида амалга оширилган ишлар тўғрисида кенг жамоатчилик хабардор қилиниб, кўргазмадаги маҳсулотларни маҳаллий бозорларда реализация қилинишига кўмаклашилди. Мазкур амалий ишлар ёшлар тадбиркорлигини комплекс ривожлантиришга хизмат қилади.
—2016 йили Бухорода халқаро ҳамкорлик алоқаларининг янги саҳифалари очилган эди, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов. —Ҳозирга қадар тадбиркорлик бўйича хитойлик тадбиркорлар билан кўплаб йирик лойиҳалар амалга оширилди. Хитойнинг бир қанча шаҳарларида катта-катта кўргазмаларни ўтказдик. Ўзбекистонда Хитойлик тадбиркорларнинг кўргазмаси билан «Ёш тадбиркорлар» форумининг биргаликда бўлаётгани ҳам бежизга эмас. «Ёшлар– келажагимиз» жамғармасига ажратилган 770 млрд. сўм маблағ ажратилиши ва ҳар бир оила тадбиркорга айлантирилиши бошқа давлатларга ҳам ўрнак бўлади. Қолаверса, технологиялар бўйича тажриба майдони яратилади.
Маросимда тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилган ислоҳотларда «Ёшлар–келажагимиз» жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва маҳаллий ҳокимликларнинг кўмаги алоҳида эътироф этилди. Бугунги кунга қадар, 2977 та бизнес лойиҳага 370,3 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши орқали 18 830 та янги иш ўрни яратилиб, жами 31 320 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланиши билан юртимиздаги ишсизлик муаммосининг бартараф этилаётганлиги қайд этилди. Форум доирасида бир қанча бизнес шартномалар имзоланишига эришилди.
—Бугунги форумда Тошкент вилояти Оққўрғон туманидан ўз маҳсулотларимиз кўргазмаси билан иштирок этяпмиз. Ҳозирда «Ёшлар–келажагимиз» жамғармасидан 50 млн. сўм кредит олиб, тикув цехини очганмиз. 2 та ускуна ва 3 нафар ишчи билан фаолият олиб боряпмиз. Келгусида Хитой, Корея, АҚШ каби бир қатор йирик давлатларга экспорт қилишни мақсад қилганман, – дейди ёш тадбиркор Гулшода Йўлдошева. —Асли ҳунармандман. Ўзбек миллий тақинчоқларини ясайман. Ўз навбатида заргарлик соҳасида ҳам меҳнат қилиб келяпман. Мени тадбиркорлик фаолиятига ундаган инсон – устозим бўлади. 2017 йил Шоҳида Султоновадан ҳунармандлик сир-асрорларини ўргандим. Ҳозирга қадар зебигардон, тилла қош, зирак, узуклар каби миллий тақинчоқларимизни замонавий кўринишдаги безаклар билан уйғунлаштирган ҳолда харидорларга етказиб беряпман. Биргина зебигардоннинг ясалиши учун 2 кун вақт ажратаман.
20 декабрь куни «Ёш тадбиркорлар» форумининг ёпилиш маросими ўтказилиб, унда қатнашган халқаро ишбилармонлар ва фаол тадбиркорлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг махсус сертификатлари билан тақдирланишди.
Шаҳноза Нуруллаева
фото: Рустам Назарматов






