Янги йил ўз мўъжизалари, кутилмаган совға-саломлари билан дилларга хушнудлик бахш этади. Республикамизнинг ҳар бир ҳудудида ям-яшил баргли арчалар кўкка бўй чўзиб, барчанинг кўзини қувонтираётган бир пайтда Андижон шаҳрининг Ўзбекистон кўчасида салқин ичимликлардан бунёд бўлган "арча" қад ростлади, деб ёзади "Халқ сўзи" нашри.
"777.uz" савдо мажмуаси томонидан яратилган ушбу арчанинг бўйи 9 метр, эни 4 метрдан иборат бўлиб, салкам 15 минг дона пластик идишлардан таркиб топган.
"Бу каби арча ўтган йили ҳам қад ростлаган эди. Ўзига хос кўриниши ҳақиқатдан ҳам кайфиятни кўтариб, байрамона руҳ бахш этмоқда", - дейди харидор Санобархон Азимова.
Ранг-баранг товланиб турган бу арча харидорларда нафақат, қизиқиш уйғотмоқда, балки савдо пештахталарида арзон нархда тақдим этилаётган маҳсулотларни харид қилишга ҳам ундамоқда.






