АсосийJamiyat

Йилнинг энг истеъдодли ёш шоири аниқланди

'Йилнинг энг истеъдодли ёш шоири аниқланди'ning rasmi

Ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини шакллантириш мақсадида “Йилнинг энг истеъдодли ёш шоири” республика кўрик-танлови ташкил этилди. Мазкур танлов 4 босқичда ўтказилиб, беллашувлар мактаб, туман-шаҳар, ҳудуд ҳамда республика миқёсида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг март-май ойларида танловнинг мактаб, туман (шаҳар) ва ҳудудий босқичлари уюшқоқлик билан олиб борилди. Танловда умумий ўрта таълим мактабларининг 3 мингдан зиёд 5-10-синф ўқувчилари иштирок этди.

Кўрик-танловнинг республика босқичи жорий йилнинг 18 декабрь куни Республика болалар кутубхонасида бўлиб ўтди. Унда аввалги босқичларда ғолиб деб топилган жами 14 нафар ўқувчи иштирок этди. Танлов шартларига кўра иштирокчилар 4 йўналиш бўйича ўз иқтидорларини намоён этишди. Эътиборлиси, ўғил-қизлар Ватан, муҳаббат ва эзгулик, табиат ва атроф-олам ҳамда ижтимоий ҳаёт ҳақида шеър ёзиб, барча шартларда фаол қатнашишди. Беллашув сўнггида истеъдодли ўқувчилар орасидан ғолиблар сараланди.

Натижаларга кўра, 1-ўринга Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 8-синф ўқувчиси Севинч Омонова, 2-ўринга Хоразм вилояти Янгиариқ тумани 1- мактабнинг 10-синф ўқувчиси Саида Бойназарова, 3-ўринга Самарқанд вилояти Ургут тумани 142- мактабнинг 7-синф ўқувчиси Шаҳзода Ашрапова муносиб деб топилди.

Танлов сўнгида “Йилнинг энг истеъдодли ёш шоири” кўрик-танловининг республика босқичи ғолиб ва совриндорларига Халқ таълими вазирлиги томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Шу билан бирга келгусида ғолиб ўқувчиларнинг ижод намуналари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Ижод” фонди ҳомийлигида 10 минг нусхада нашр қилинади ҳамда барча таълим муассасаларига етказилади.

    Бошқа янгиликлар