Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида яшовчи Баҳромжон Мамадалиев эски уйининг пол қисмини бузаётиб, темир сандиқда бўлган, марҳум отаси Турсунали Мамадалиевга тегишли 1 дона ИЖ русумли ов милтиғини топиб олди. Бу ҳақда "Халқ сўзи" хабар берди.
Табиийки, унинг хаёлига келган биринчи фикр қуролни сотиш орқали келадиган катта даромад бўлди. Сўнг ички ишлар бўлими ходимлари томонидан олиб борилган профилактик тадбир давомидаги тушунтириш ишларини эслади. Ўшанда улар тегишли рухсатномасиз ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш Жиноят кодексининг 248-моддаси билан назарда тутилган жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлишини айтиб ўтганди.
Бироқ, шу модданинг 3-қисмида "Ушбу моддада назарда тутилган буюмларни ўз ихтиёри билан топширган шахс жавобгарликдан озод қилинади", дейилганлигини ҳам яхши эслади. Буни англаб етган Баҳромжон шу заҳоти туман ички ишлар бўлимига мурожаат этиб, ов қуролини ўз ихтиёри билан топширди.
"Туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан мавзуга доир профилактик тадбирлар йил давомида ўтказиб келинмоқда. Олиб борилган тушунтириш ишлари самараси туфайли шу кунгача 5 нафар фуқаро ўз ихтиёри билан ноқонуний сақлаб келинаётган қуролларни топширди", - дейди туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосари Санжарбек Солижонов.






