Тошкент вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қатор сайёр қабуллар ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Сайёр қабулларда Олий суд ишчи гуруҳи томонидан фуқаролар мурожаати ўрганилиб, зарур ҳуқуқий маслаҳат берилди. Хусусан, Олий суд раиси ўринбосари Х.Ёдгоров бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан вилоят ва Зангиота туман Халқ қабулхонасида ўтказилган сайёр қабулларда 40 нафар фуқаро мурожаати юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Сайёр қабуллар давомида Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди билан ҳамкорликда вилоят ҳудудида жойлашган жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар билан учрашув ҳам ўтказилди. Унда маҳкумларга суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти туман (шаҳар) судлари томонидан 118 нафар маҳкумни Жиноят кодексининг 73- ва 74-моддаларига асосан муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳамда Жиноят ижроия кодексининг 113-моддасига асосан 38 нафар маҳкумнинг жазоси бошқа турдаги жазога алмаштирилиб, манзил колонияларига ўтказилишида иштирок этди.
Сайёр қабуллар жараёнида Жиноят ишлари бўйича Қибрай туман суди томонидан Жиноят кодексининг 223-моддаси 2-қисми “б ва в” бандлари билан айбланган И.Х.га оид ҳамда Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман суди томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан айбланган Б.Б.га оид жиноят ишлари ҳам кўриб чиқилди. Мазкур жиноят ишлари юзасидан етказилган моддий зарар қоплангани сабабли судланувчиларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиб, суд залидан озод этилди.
Жиноят ишлари бўйича Паркент туман судининг ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди ва бошқа моддалари билан судланган У.Н.га оид жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди апелляция инстанциясида кўриб чиқилди. Суд ҳайъати У.Н.нинг ёши, муқаддам судланмагани ва маҳалла раисининг кафолат хатини инобатга олиб, унга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини озодликни чеклаш жазосига ўзгартирди. У.Н. суд залидан озод қилинди.






