АсосийJamiyat

2019 йилда жиноятчиликни олдини олишга қаратилган иш режа лойиҳаси ишлаб чиқилди

'2019 йилда жиноятчиликни олдини олишга қаратилган иш режа лойиҳаси ишлаб чиқилди'ning rasmi

Кеча, 4 декабрь куни Тошкентдаги “Ёшлар ижодиёти саройи”да “Мамлакатимизда ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олишнинг долзарб масалалари ва келгусидаги вазифалар” мавзусида Республика амалий анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 2018 йилда жиноятчиликни олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида бажарилган ишлар, бу борада йўл қўйилган камчиликлар сарҳисоб қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари – Алишер Саъдуллаев, Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари – Светлана Артикова, Олий Суд раиси – Козимжон Камилов, Миллий гвардия қўмондони ўринбосари– Шуҳрат Шакиров, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари – Зулайҳо Маҳкамова, Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари – Шавкат Жавлонов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Бегмат Очилов, тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирок этди.

Энг кўп жиноятлар содир этилган вилоятларда ишлар самарадорлигини янада ошириш зарурлиги таъкидланди

Йиғилишда дастлаб, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг “Барчаси ўз қўлингда!” шиори остидаги тарғибот декадаси ва унинг доирасида амалга оширилган инновацион лойиҳалар хусусида фикр - мулоҳазалар юритилди.

Амалий анжуман давомида жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бажарилган ишлар танқидий таҳлил этилди. Маърузачилар томонидан Андижон, Навоий ҳамда Тошкент вилоятларида ишлар самарадорлигини янада ошириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, мамлакатимизда хотин-қизлар ўртасида салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги амалга оширилган ишлар ва режалаштирилган чора-тадбирлар, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда жамоатчилик назоратини кучайтиришнинг аҳамияти, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишдаги ютуқ ва камчиликлар, маънавий таҳдидларнинг ўзаро таъсири орқали содир этилаётган салбий ҳолатлар юзасидан маърузалар тингланди.

2018 йил мобайнида 386 нафар ёшлар “Ёшлар кафиллиги” асосида суд залидан озод қилинди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев Ёшлар иттифоқи тизимида “2018 йил – Ёшлар жиноятчилигига қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ишларини самарали ташкил этиш йили” деб эълон қилинганлиги, ҳар ойда ёшлар жиноятчилиги масаласи ҳудудлардаги ҳоким ўринбосарлари, ички ишлар, маҳалла кенгашлари раҳбарларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий Кенгашлари раислари иштирокидаги видеоселектор йиғилишларида муҳокама этилаётганлигини таъкидлади.

Ҳозирги кунда республикамизда жами 12 800 нафардан зиёд нотинч оилалар мавжуд бўлиб, уларни соғломлаштириш чоралари кўрилмоқда. Таълим муассасаларида йил давомида 12 минг марта “Давомат” профилактик тадбирлари ўтказилиб, 4 597 нафар ўқувчиларнинг дарсларга сабабсиз келмаганлиги, 820 нафар ўқувчилар мунтазам равишда дарсларга қатнашмаётганлиги аниқланди. Улар билан олиб борилган ишлар натижасида 3 756 нафар ўқувчилар таълимга қайтарилди.

Анжуман давомидажорий йилда адашиб жиноят йўлига кирган, содир этган жиноий қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган 386 нафар ёшлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий Кенгашларининг “Ёшлар кафиллиги” асосида суд залидан озод қилиниб, судлар томонидан уларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тури тайинланганлиги ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ёшлар ўртасидаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши амалий ишлар олиб борилса-да, камчиликлардан батамом ҳоли бўла олганимизча йўқ. Жойларда ҳали хануз ўзининг ечимини кутаётган муаммолар ижобий ҳал этилмаганлиги сабабли ёшлар ўртасида жиноятлар умумий содир этилган жиноятларнинг 34,4 фоизини ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич эса йўналишдаги ишлар сифатини ошириш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини кўрсатяпти.

Муҳокамада камчиликларни бартараф этишга доир таклифлар йиғилди

Мулоқотда мазкур соҳада камчиликларга ҳам йўл қўйилганлиги натижасида республика бўйича жами жиноят содир этган 39 132 нафар шахсларнинг 13 423 нафарини ёшлар ташкил қилгани, жиноят содир этган ёшларнинг Республика бўйича 27,6 фоизи ишсиз ёшлар эканлиги бу масалада тегишли режалар белгиланиши зарурлиги алоҳида қайд этилди. Ялпи йиғилишдаги маърузаларда кўтарилган масалалардан келиб чиқиб, йиғилиш қатнашчилари 3 та гуруҳга бўлиниб, резолюция қабул қилишди.

1-гуруҳ ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирлар, 2-гуруҳ ёшлар ўртасида салбий ҳолатларни барвақт олдини олишда оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик назорати ролини оширишга қаратилган тадбирлар, 3-гуруҳ эса вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида руҳий зўриқишлар ва стрессларни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар масалаларига доир таклифларни билдиришди.

Ялпи йиғилишдан кейин ҳудудлардан келган раҳбар ходимлар, вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари иштирокида 2019 йилда жиноятчиликни олдини олишга қаратилган иш режа лойиҳаси ишлаб чиқилди. Анжуман сўнгида иштирокчиларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликка қарши курашиш, суицидни олдини олиш ва ёшлар сиёсатига доир 3 турдаги қўлланмалари тарқатилди.

— Бугунги кунда ёшлар жиноятчилиги 30,4 фоизга, вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчиликэса 38,8 фоизга камайган. Якунланиб бораётган йилда Андижон, Навоий, Тошкент вилоятида таълим муассасаларидаги ёшларнинг турли жиноятларга қўл уриш ҳолатларининг ортиши, жойлардаги таълим муассасалари ўқувчилари билан ҳам етарли даражада иш олиб борилмаганлигидан далолат беради, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши бўлим мудири Акмал Алимов. — Бу каби камчиликлар ёшлар масалалари бўйича масъул тўртликяъни ҳокимият, ички ишлар, Ёшлар иттифоқи ҳамда маҳалладаги тегишли вакилларнинг жипсликда иш олиб бормаётганлиги, алоҳида фаолият эса амалий ишларнинг такрорийлиги ҳамда самарасиз ёндашувни келтириб чиқаряпти. Мазкур йиғилишда тўртлик ҳамкорлиги мустаҳкамланиб, 2019 йилги иш-режалар ишлаб чиқилди.

    Бошқа янгиликлар