13 ноябрь куни "Малика" савдо мажмуасида Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган назорат тадбирида 13 нафар фуқаро тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан, чет элда ишлаб чиқарилган ва республикамизга яширин йўллар орқали олиб кирилиб, ҳеч қандай ҳужжатларсиз маиший техника савдоси билан шуғулланаётганлиги аниқланган. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати бу ҳақда маълум қилди.
Маълум қилинишича, ушбу фуқаролар истеъмолчилар ҳуқуқларини қўпол равишда бузиб, сифат сертификатига эга бўлмаган товарлар савдоси ҳамда соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатган ҳолда, давлат бюджети олдида мажбуриятларни бажармай, умуман солиқларни тўламаган.
Назорат тадбири давомида давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан ноқонуний равишда савдога қўйилган умумий қиймати қарийб 308 млн сўмлик 66 та маиший техника воситалари, 7,8 мингта уяли алоқа ва аксессуарлар Ўзбекистон "Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси"нинг 176-моддасига асосан масала қонуний ҳал бўлгунига қадар вақтинчалик олиб қўйилди.
Мазкур модда илк бор ҳуқуқбузарлик содир этган ҳамда бир ой муддат ичида давлатга етказилган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар кўринишидаги зарарларни қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтиб, рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштирган шахсларни ҳуқуқбузарлик предметларини мусодара қилмаган ҳолда жавобгарликдан озод қилишни кўзда тутади.






