Жорий йилнинг 29 октябрдан 5 ноябргача (8 кун ичида) ЙҲХБ ходимлари 3251 марта йўл ҳаракати қоидалари бузилганлик ҳолатларини қайд этишган.
Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ томонидан маълум қилинди.
Шундан 1075 та ҳолатда ҳайдовчилар хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаган. 115 та ҳолатда эса ҳайдовчилар тегишли ҳужжатларсиз автомобиль бошқарган. 46 нафар ҳайдовчи эса спиртли ичимлик таъсири остида транспорт воситасини бошқаргани аниқланган.
Бундан ташқари, 29 октябрдан 5 ноябргача ЙПХ инспекторлари 51 та автотранспорт бошқаруви давомида мобиль телефондан фойдаланилган, 58 та светофорнинг тақиқловчи сигналига ўтиб кетилганлик ҳолатларини ва 17 та тегишли рухсатсиз ойналари қорайтирилган автотранспортларни аниқлашди.
Саккиз нафар ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг тўхташ тўғрисидаги белгисига бўйсунмаган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 129 моддасига (“Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашиши“) асосан 6 нафар ҳайдовчига нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.






