Наманган вилоятининг Поп туманида йўловчининг ўлимига сабаб бўлиб қочиб кетган ҳайдовчи қидирувга берилди. Бу ҳақда ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар берди.
Қайд қилинишича, шу йил 22 октябрь соат 20:55ларда Наманган вилоятининг Поп туманида номаълум ҳайдовчи аниқланмаган автомашинани “Қўшминор” МФЙ ҳудудида ҳайдаб кетаётиб, пиёда Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Қатортол маҳалласида яшаган 41 ёшли Эркин Эргашбоевни уриб юбориб, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ўрнига воқеа жойидан кетиб қолган.
Натижада Эргашбоев жароҳат олиб шу ернинг ўзида вафот этган.
Ушбу йўл-транспорт ҳодисасини содир этган номаълум ҳайдовчини аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
"Ҳурматли фуқаролар, агар кимда-ким ушбу ҳодисага гувоҳ бўлган ва номаълум автомашина ҳамда унинг ҳайдовчиси ҳақида бирор маълумотга эга бўлса, ички ишлар органларининг ҳудудий бўлимларига бориб ёки “102” телефон рақами орқали хабар беришингизни сўраймиз. Унутманг, бу билан Сиз, юртимизда қонун устуворлиги ҳамда ушбу шахс томонидан келгусида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олишга ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз", - дейилади ИИВ хабарида.






