Македония давлати номи ўзгартирилиши бўйича ўтган референдумда овоз бериш натижалари тан олиниши учун зарур бўлган 50 фоиздан камроқни ташкил қилди, деб хабар берди ТАСС нашри.
Македония марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, мамлакат аҳолисининг фақат 34 фоизи референдумда иштирок этган. Овоз берганларнинг 90 фоизи Македония номининг ўзгартирилишини қўллаб-қувватлашган. Афина ва Скопье ўртасидаги келишувга қарши чиқаётган, Греция мудофаа вазири Панос Камменос референдум муваффақиятсизликка учраганини таъкидлаётган бўлса, Македония бош вазири Зоран Заев эса аксинча, овоз бериш муваффақиятли ўтганини маълум қилган. Маълум қилинишича, референдумдаги паст давоматга давлатнинг аввалги номи қолдирилишини истаётган миллатчиларнинг овоз беришни бойкот қилишга ундашлари сабаб бўлган.






