Германияда нефтни қайта ишлаш заводида катта ёнғин содир бўлди, деб хабар берди ТАСС нашри.
Ҳодиса оқибатида 9 киши жароҳат олгани хабар қилинмоқда. Воқеа Ингольштадт шаҳридаги Байернол нефтни қайта ишлаш заводида юз берди. Бинода кучли портлашдан сўнг аланга келиб чиққан. Ёнғин ҳақидаги хабардан сўнг, полиция яқин орадаги бино ҳамда уйлардан одамларни эвакуация қилди. 2 мингдан ортиқ одам фавқулодда равишда ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Ҳодиса рўй берган вақтда заводда 200 нафардан ортиқ ишчилар бўлиб, уларнинг 9 нафари куйиш жароҳати билан касалхонага олиб кетилди. Шифокорлар 1 кишининг аҳволи ўта оғир эканлигини таъкидлашмоқда.
Портлаш сабаблари ҳозирча номаълум. Ҳудудда тарқалган заҳарли тутун сабаб одамлардан дераза ва эшикларни иложи борича очмаслик сўралмоқда. Мазкур нефтни қайта ишлаш заводи воқеа туфайли катта молиявий зарар кўрди. Бироқ ушбу маълумот ошкор қилинмаяпти. Ҳолат юзасидан тергов- суриштирув ишлари олиб борилмоқда.






