Учинчи минг йиллик инсоният учун анчайин синовли келди. Чунки одамлар диний экстремизм ва терроризм таъсиридаги муаммолар гирдобида қолиб кетди. Афсуски, уларнинг аксарияти четдан кўрсатилаётган мафкуравий тазйиқлар, ёвуз «таълимот»лар оқибатида юзага келмоқда. Бу кучларнинг мақсади сизу бизга яхши аён: жамиятни пароканда қилиш, гуллаб-яшнаётган шаҳару қишлоқларни вайрон этиш, ёвузлик уруғини сепиб, ҳаётни заҳарлаш, ижтимоий тараққиётни издан чиқаришдир.
Бундай кимсалар ўз манфаатлари йўлида содир этаётган бузғунчилигини муқаддас динимизни ниқоб қилиб амалга оширмоқда. Минг афсуски, бундай тубан кирдикорлар ҳозир ҳам давом этмоқда.
Яқинда олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида Қўштепа туманида яшовчи У.Абдуллаев ва Р.Тожиматовлар ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш ёки уларнинг фаолиятини тиклаш, шунингдек бундай бирлашмалар ёки ташкилотлар фаолиятида фаол қатнашиши аниқланди.
Жумладан, судланувчи У.Абдуллаев ва Р.Тожиматовлар бир гуруҳ бўлганлари ҳолда Б.Мамаджонов (жиноят ишининг унга нисбатан бўлган қисми алоҳида иш юритувига ажратилган) томонидан асос солинган “Маърифатчилар” диний ташкилотида фаол қатнашиб, А.Обидов, З.Обидов, Б.Назаров, Ё.Усмонов, А.Хаитов, Х.Абдуллаев, Р.Хасанов, А.Хожиакбаров, Н.Эсонов, А.Хошимов, И.Хошимов (жиноят ишининг уларга нисбатан бўлган қисми бўйича суднинг айблов ҳукми чиққан)лар билан ҳамкорликда йиғинлар ўтказишади. Бу йиғинларнинг ўз мавзуси бор эди. Яъни Ислом дини амалларига зид равишда диний ташкилот асосчиси Б.Мамажонов томонидан белгилаб берилганидек ўзбекча намоз ўқишиб, оила-аъзолари ва яқинларини ҳам ушбу йўлга киришга ундаб келишган.

Суриштирув жараёнида У.Абдуллаевнинг яшаш хонадони кўздан кечирилиб, у ердан 6 дона қўлёзма дафтар, 1 дона ёндафтар, 1 дона тилхат, 1 дона варақа, 2 дона диний мазмундаги китоблар ашёвий далил тариқасида олинган. Р.Тожиматовнинг яшаш хонадони ҳам бир дона файл папкада диний мазмундаги варақалар, икки дона диний мазмундаги дафтарлар, бир дона журнал, етти дона дафтар, бир дона “Сиғиниш” номли китобча, тўққиз дона диний мазмундаги варақалар, тўрт дона телефон аппарати, бир дона 2 ГБ хотирали флешка, бир дона диск, бир дона оқ рангли компьютер процессори, бир дона 8 ГБ хотирали флешка, икки дона қоғоз бўлагига ўралган ўткир хидли гиёҳванд моддага ўхшаш ўсимлик барглари ашёвий далилий тариқасида олинган.
Суд-адабиётшунослик экспертизасининг хулосасида юқорида тилга олинган диний мазмундаги адабиётлар “Маърифатчилар” диний гуруҳига тегишли эканлиги, маърифатчилар ғоялари юртимиз учун ноанъанавий ва ёт бўлганлиги, ханафийлик мазхаби ва таълимотларига зид эканлиги, фуқаролар ўртасида турли ихтилоф ва тушунмовчиликлар келтириб чиқариши мумкинлигини, ушбу маълумотларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, тарқатиш ва хориждан олиб кириш тақиқланганлиги кўрсатилган.
Ашёвий далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари билан судланувларнинг айби яна бир карра ўз исботини топди. Суд ҳукми билан Уматали Абдуллаевга икки йил, Расулжон Тожиматовга уч йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Сохта эътиқодга эргашиш на дунёвий, на диний тушунчаларга тўғри келмайди. Ушбу вазиятда такрор ва такрор айтаётган таъкидимизни қайтаришдан чарчамаймиз: огоҳ бўлинг, одамлар...
Ш.ШАМШИЕВ,
жиноят ишлари бўйича Қўштепа
туман судининг раиси.






