Куни кеча “Ёш китобхон” танловининг саралаш босқичи Поп туманидаги ҳарбий қисмлар аскарлари ва шартнома асосида хизмат қилаётган офицер ҳамда сержантлари иштирокида ўтказилди.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши мутахассислари ташкилотчилигида иштирокчилар танлов шартлари билан танишдилар. Қисқа вақт ичида аскар йигитлар танлов саволларига зукколик билан жавоб бериб, мамнун ҳолда чиқишди. Ўзларини нафақат ҳарбий салоҳиятда балки компьютер саводхонлигида ва кўп китоблар мутолаа қилишганликларини амалда намоён этдилар.
-Мен бадиий, сиёсий ва тарихий китоблар ўқишга жуда қизиқаман. Ҳарбий қисмимиздаги ахборот-ресурс марказида барча шароитлар муҳайё. Бугун мен ҳам танловда иштирок этдим, тест саволлари менга қийинчилик туғдирмади. Саволлар асосан улуғ бобокалонларимиз асарлари, ҳозирги замон адабиётидан олиб тузилган экан. Келгусида яна билимларимни ошириб, она ватанимиз, халқимизни мудофаа қилишга тайёрмиз,-дейди Тошкент вилояти Зангиота туманидан келган, муддатли ҳарбий хизматчи Фирдавс Акрамов.
Биз ҳарбий қисмдаги Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Анвар Гадоев ва бошқа танлов иштирокчилари билан суҳбат қурганимизда улар шундай танловларни ташкил этилганидан чиндан хурсандликларини билдирдилар. Аскар китобхонлар орасида ўйлаймизки, вилоят, Республика миқёсида ғолибликка даъвогарлар бўлиши шубхасиз.
Танловнинг туман босқичи ғолиблари аниқланмоқда.
Рустамали Мамадалиев, журналист.






