Тошкент ИИББ томонидан муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказида биометрик паспорт топшириш маросими ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Тантанали маросимда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи полковник Бадриддин Шорихсиев ва Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари полковник Дониёр Тошхўжаев иштирок этди. Биометрик паспорт муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг 55 нафарига топширилди. Умумий ҳисобда биометрик паспорт олиш учун 184 кишининг ҳужжати расмийлаштирилди.
Эслатиб ўтамиз, реабилитация марказига муайян яшаш жойи ва паспортига эга бўлмаган шахслар олиб келиниб, уларга тегишли ёрдам кўрсатилади. Тақдир тақозоси билан бугун оғир кунларни бошидан кечираётган бу каби кишиларнинг қайта оёққа туриб олишлари, бошпанага ва жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлишлари учун улар кўмакка, меҳр ва эътиборга муҳтож.








