Шу йилнинг 1-6 июль кунлари Болгариянинг Бургас шаҳрида ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги математика бўйича халқаро мусобақада вакилларимиз 1 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза медални қўлга киритишди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Юртимизда ўтган йиллар давомида таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниб, ўқитиш жараёнига илғор метод ва усуллар, янги педагогик технологиялар татбиқ қилинди. Дарс ва машғулотларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилаётгани эса ўғил-қизларимизнинг фанларга қизиқишини оширмоқда. Пировардида, таълим сифат ва самарадорлиги юксалиб, уларнинг нуфузли кўрик-танлов ҳамда интеллектуал мусобақаларда зафар қучишига замин яратмоқда. Ўқувчиларимизнинг Болгарияда эришган ғалабаси ҳам тизимдаги ислоҳотларнинг амалий самарасидир.
Мазкур нуфузли мусобақада бешинчи марта иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси шу йили мусобақада иштироки тарихида илк маротаба умумжамоа ҳисобида энг кўп медални олишга муваффақ бўлди.







