Самарқанд вилояти хотин-қизлари қўмитаси раиси ҳам Каттақўрғон шаҳридаги воқеадан афсусдалигини билдирди.
"Маънавият, илм-маърифат, маданият соҳаларида нафақат вилоят, балки Республикамизда ўзига хос ўрни ва мавқеига эга бўлган Каттақўрғон, унинг халқи, айниқса хотин-қизлари бундай муносабатга мутлақо лойиқ эмас эди.Воқеа ҳар томонлама ўрганилмоқда, аёл билан эса шахсан суҳбат қурилди.
У руҳан тушкунликка тушмаган, қонун устуворлигига ишонади. Айни пайтда суриштирув ишлари олиб борилаётганлиги сабабли воқеа тафсилотларига батафсил тўхталмаймиз. Аммо, шуниси аниқки, айбдорлар қонун доирасида ўз жазосини олади.
Ҳали айби исботланмаган кишига, энг ёмони, хотин-қизга нисбатан қилинган бу хатти-ҳаракат миллатимиз шаънига доғ бўлиб тушди. Ушбу воқеа ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда нафақат хотин-қизлар ўртасида, балки жамиятимизда ҳали кўп ишлар амалга оширилиши кераклигини кўрсатиб берди", — деган қўмита раиси.
Шунингдек, Ҳамротош Шодиева воқеа юзасидан аниқ далиллар асосида муносабат билдиришга ваъда берган.






