АсосийJamiyat

​Тошкентда 1,6 тоннадан зиёд гиёҳвандлик воситалари ёқиб юборилди (фото)

'​Тошкентда 1,6 тоннадан зиёд гиёҳвандлик воситалари ёқиб юборилди (фото)'ning rasmi

26 июнь "Халқаро гиёҳвандликка ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш" куни муносабати билан Давлат хавфсизлик хизмати мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан наркобизнесга қарши кураш давомида мусодара қилинган гиёҳвандлик воситаларининг навбатдаги тўпламини йўқ қилиш тадбирини ўтказди. Унда “Даракчи” мухбири иштирок этди.

Тадбирда 1 тонна 605 кг 738 гр. гиёҳвандлик воситалари, шу жумладан 15 кг 619 гр. героин, 1 тонна 1 кг 688 гр. опий, 98 кг 733 гр. гашиш, 406 кг 234 гр. марихуана, 55 кг 60 гр. кўкнор, 1,4 гр. дан ортиқ янги турдаги психофаол воситалар ҳамда 27 кг 472 гр. каннабис ва психотроп моддалар ёқиб юборилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон 1995 йилнинг феврал ойида БМТнинг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши кураш тўғрисида 1961, 1971 ва 1988 йиллардаги Конвенцияларига қўшилган. 1999 йилда Ўзбекистон Республикасининг "Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрдаги "Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек, уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан ҳозирга қадар мамлакатимизда тақиқланган гиёҳвандлик воситаларининг рўйхатига қўшимча 80 турдаги янги гиёҳвандлик воситалари киритилди.

Республикада амал қилаётган тартибга мувофиқ, судда ашёвий далил сифатида ўтган гиёҳвандлик воситалари ҳукм қонуний кучга киргач, махсус печларда ёқиб юборилади. Ушбу тадбирда мутасадди идораларнинг ходимлари, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ҳусан Тангриев, Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати бош инспектори:

— Бугун Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қонунбузарлик ҳолатларида аниқланган гиёҳвандлик воситаларининг навбатдаги туркуми халқаро жамоатчилик иштирокида йўқ қилинди. Бу жараёнда Давлат божхона хизмати органларининг ҳам алоҳида ҳиссаси борлигини таъкидлаш жоиз. Агар рақамларга мурожаат қилсак, 2017 йил давомида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларнинг ноқонуний олиб ўтилиши билан боғлиқ 266 та ҳолатларда 396 кг.дан ортиқ наркотик, 2262 дона психотроп таблеткалар ҳамда 3,6 кг ва 43 литр прекурсорлар мусодара қилинди.

Қайд этиш керакки, республикамизнинг қўшни давлатлар билан алоқалари янада мустаҳкамланаётгани божхона ходимларининг масъулиятини оширишни талаб қилмоқда. Мисолларга мурожаат қилсак, Самарқанд вилоятида чегара божхона постида қўшни давлат фуқароси 0,7 гр.наркотик моддасини ўзининг бошқарувидаги машинасига беркитган ҳолда юртимизга олиб ўтишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди. Бекобод чегара постида ҳам 15 кг.га яқин героин наркотик моддаларининг республикамиз ҳудудига киришининг олди олинди. Олиб кирувчиларнинг қўллаган усулларига аҳамият берсак, улар наркотик моддаларни темир қутиларига жойлаб, темир йўл вагонларининг остига магнит билан маҳкамлаб қўйишган экан. Кўриниб турибдики, йилдан йилга қонунбузарларнинг “тажриба ва усуллари” ошиб бормоқда. Бу йўналишда бизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари билим ва кўникмаларини ошириб боришлари кераклигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

    Бошқа янгиликлар