АсосийJamiyat

Таълим соҳасига малакали эркак муаллимлар қайтарилади

'Таълим соҳасига малакали эркак муаллимлар қайтарилади'ning rasmi

Бугун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан халқ таълими тизимини тубдан ўзгартириш, уни замон талабларига мувофиқ такомиллаштириш борасида қўйилган вазифалар ижросига бағишлаб Бош вазир А.Арипов раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.

Йиғилишда ўқитувчиларнинг ишлаши учун зарур шароитларни таъминлаш ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, етарли маблағ билан таъминланмагани уларнинг обрўси тушишига олиб келгани ҳақида айтиб ўтилди.

Бу эса яхши кадрлар, айниқса, эркак муаллимларнинг соҳани тарк этишига олиб келди. Оқибатда таълим ва тарбиядаги олтин халқага путур етди. Чунки мактабда эркак ўқитувчининг ўзига яраша ўрни борлигини инкор этиб бўлмайди.

Аслида устоз ва муаллимларни халқимиз азалдан зиё тарқатувчи касб соҳиблари сифатида эъзозлаб келган. Уларнинг одамлар орасида тутган ўрни, обрў-эътиборига қараб ёш авлоднинг кўпчилиги бу касб эгаси бўлишни орзу қилган.

Аммо кейиги пайтда йўл қўйилган айрим камчиликлар, соҳа вакилларига эътиборнинг пасайгани туфайли улар хор бўлди. Энди бунга бутунлай барҳам бериш, бутун жамият, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ўқитувчига бўлаётган нохолис муносабатлар ҳақида бонг уриб, уларга чек қўйишга ўз ҳиссасини қўшиши даркор.

Ўқитувчиларни муносиб рағбатлантириш, маошини ошириш чоралари кўрилади. Аммо, булар бир кунда бўладиган иш эмас. Бу, албатта, босқичма-босқич амалга оширилади.

Ўқитувчиларнинг зарур шароитда ишлаши учун мактаблар инфратузилмаси яхшиланади, янги мактаблар бунёд этилади. Қурилаётган бошқа корхоналар вақтида ишга тушмаслиги мумкин, лекин мактаб ўз вақтида ишга тушиши шарт.

Бундай шарт-шароитлар яратилиши малакали кадрлар, айниқса, эркак ўқитувчиларни мактабга жалб этишга яна имкон бериши шубҳасиз, деб ёзади ЎзА.

    Бошқа янгиликлар