Тошкент шаҳрининг ҳар бир маҳалласида “Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳлари ташкил этилади.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 19 июндаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг Тошкент шаҳрининг ҳар бир маҳалласида “Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.
“Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳлари таркиби:
муддатли ҳарбий хизматни ўташ ниятида мудофаа ишлари бўйича туман бўлимига мурожаат қилган ҳарбий хизматга чақирилувчилар;
республика олий ҳарбий таълим муассасаларига, шунингдек, ички ишлар органларининг таълим муассасаларига кириш истагини билдирган номзодлар;
ички ишлар органларида хизмат қилиш истагини билдирган номзодлар орасидан шакллантирилиши назарда тутилди.
Шунингдек:
- жамоатчилик гуруҳлари таркибига кириш мудофаа ишлари бўйича туман бўлимлари ёки ички ишлар органлари томонидан бериладиган йўлланмалар асосида амалга оширилиши;
- жамоатчилик гуруҳлари улар фаолият олиб борадиган маҳалла ҳудудида яшовчи ёшлардан шакллантирилиши;
- жамоатчилик гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича жавобгарлик туман ички ишлар органлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари ва профилактика инспекторлари зиммасига юкланиши;
- жамоатчилик гуруҳларининг ҳар бир аъзоси сутканинг кечки ва тунги вақтида белгиланган йўналиш бўйича умумий 100 соатдан кам бўлмаган вақт миқдорида патруллик қилишга жалб этилади ва бу хизматга (ўқишга) ҳужжатларни якуний қабул қилишга асос ҳисобланиши;
- ўзининг маҳалласида ҳуқуқ тартиботни таъминлашда фаол қатнашган жамоатчилик гуруҳи аъзоларига профилактика инспекторлари томонидан фуқаролар йиғинлари раислари билан биргаликда хизматга (ўқишга) танлов ўтказишда инобатга олинадиган тавсияномалар берилиши мумкинлиги белгилаб қўйили.






