18 июнь куни Тошкент шаҳрининг Ботаника боғида ташкиллаштирилган “Топ-500” тадбиркорлар ҳамжамияти форумида Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Жаҳонгир Ортиқхўжаев маъруза қилди. Бу ҳокимнинг тадбиркорлар ва журналистлар иштирокида анжуман доирасида илк маъруза қилиши эди.
“Бугунги форумдан мақсад нима? Мақсад – бугунги кунда Тошкент шаҳар раҳбариятининг ишини бутунлай янгича олиб борилаётганини намойиш этиш. Тузаётган янги режаларимизда бизнес “Топ-500” ҳамжамияти билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳам турибди. Айниқса, Тошкентни Марказий Осиёнинг энг ривожланган мегаполисига айлантиришда бу ҳамкорлигимиз яққол намоён бўлади”, - деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Ҳоким ўз режаларини тақдим этиш билан бирга Тошкент шаҳри бюджети тушуми миқдорини ва шаҳарнинг умумий салоҳиятига оид статистик маълумотларни ҳам эълон қилди. Унга кўра:
- Тошкент шаҳри бюджети йилига 11.5 триллион сўм тушумга эга.
- Пойтахтда 39 та Олий ўқув юртлари мавжуд ва уларда 115 минг талаба таҳсил олмоқда.
- 3 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
- Шаҳарнинг кичик ва ўрта бизнесларининг умумий сони 65 мингта.
- Пойтахт 335 минг квадрат километрга кенгайтирилиши кутилмоқда.
Кечаги форумда Жаҳонгир Ортиқхўжаев ушбу ахборотлар билан бирга, шаҳар бошқарувидаги камчиликларни ҳам бирма-бир санаб ўтди, деб ёзмоқда ЎзА.
Фото: Асқар Ёқубов






