АсосийJamiyat

Божхоначилар йириқ миқдордаги муддати ўтган консерва маҳсулотларининг ноқонуний муомаласига чек қўйишди

'Божхоначилар йириқ миқдордаги муддати ўтган консерва маҳсулотларининг ноқонуний муомаласига чек қўйишди'ning rasmi

Сифатсиз ҳамда истеъмол қилиш муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотлари инсон саломатлигига жиддий хавф туғдириши, шубҳасиз. Афсуски, ушбу оддий ҳақиқатдан кўз юмган айрим кимсаларни юртдошларимизнинг саломатлигидан кўра, қинғир йўл билан топилган мўмай даромад кўпроқ қизиқтирмоқда.

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизматининг хабар беришича, қўмитанинг Контрабандага қарши кураш бошқармаси ходимлари олдиндан тезкор кузатувга олинган иккита “Камаз” русумли юк автоуловларини Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳудудида тўхтатиб, кўздан кечирганида, ушбу машиналарда ёрлиқлари олинган жами 120 минг дона консерва маҳсулотлари борлиги аниқланди.

Дастлабки текширувлар давомида ушбу консерва маҳсулотлари пойтахтдаги ташкилотлардан бирининг омборидан юклаб олиб чиқиб кетилганлиги аниқланди. Шундан сўнг, божхоначилар Тошкент шаҳар, Сергели туманидаги мазкур омборни кўздан кечирганда, омборхонада муддати ўтган консервалардан шилиб олинган ёрлиқлар қопларга жойлаб қўйилганлиги аниқланди ва ашёвий далил сифатида олинди.

Шунингдек, ўтказилган тезкор тадбир давомида мазкур омбордан консерва маҳсулотларини юклаб олиб чиқиб кетган яна бир “Isuzu” русумли юк автоулови Тошкент шаҳри ҳудудида тўхтатиб қолинди. Ушбу машина юкхонасида ҳам ёрлиқлари олиб ташланган жами 27 минг 180 дона консерва маҳсулотлари ноқонуний олиб кетилаётган экан. Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат санитария эпидемиология назорат маркази томонидан ушбу ташкилотга берилган санитария хулосасида жами 147 минг 180 дона консерва маҳсулотларининг яроқлилик муддати 2017 йилнинг февраль-июль ойларида тугаганлиги ва истеъмолга яроқсизлиги сабабли белгиланган тартибда йўқ қилиниши сўралган. Аммо, Давлат санитария эпидемиология назорат маркази бош ҳисобчиси Р.Л. ўзи ишлаётган ташкилотнинг хулосасидан хабардор бўлгач, ушбу муддати ўтган маҳсулотларга катта ўлжа сифатида қараб, виждони унутдида, зудлик билан ўзининг қинғир режасини тузишга киришди. У муддати ўтган маҳсулотларни ўзгаларга сотиб, фирибгарлик йўли билан ноқонуний мулкий наф кўриш мақсадини амалга ошириш учун Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманидан харидор топишга эришди. Уларга консерваларни пуллаш эвазига нақд 30 миллион сўмни қўлга киритмоқчи бўлди. Аммо унинг қинғир режасини амалга ошишига божхона ходимлари имкон бермади.

Ушбу қонунбузарлар истеъмол муддати ўтган консерва маҳсулотларига бошқа ёрлиқ ёпиштирган ҳолда муддати ўтган маҳсулотларни ички истеъмол бозорида сотишга эришса, бундан қанча юртдошларимизнинг соғлигига жиддий зиён етказиши мумкин эди. Наҳотки нафс бандалари буни ўйлаб ҳам кўрмаган бўлса. Энди улар қонун олдида қилган қилмишлари учун жавоб беришларига тўғри келади. Ҳозирда қонунбузарлик ҳолатини содир этган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

    Бошқа янгиликлар