АсосийJamiyat

Ҳарбий-техник институтини тамомлаган ёш офицерларнинг битирувига бағишланган маросим бўлиб ўтди

'Ҳарбий-техник институтини тамомлаган ёш офицерларнинг битирувига бағишланган маросим бўлиб ўтди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтида таълим даргоҳини тамомлаган ёш офицерларнинг битирувига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Сафда турган ёш офицерларга ўтган давр мобайнида тажрибали профессор-ўқитувчилар томонидан мутахассисликлар бўйича замонавий моддий-техник база асосида таълим-тарбия берилди. Институтда таҳсил олиш жараёнида бўлажак офицерларнинг юксак профессионал тайёргарликка, энг илғор инновацион билим ва кўникмаларга эга бўлишларига, хорижий тилларни ўрганишларига алоҳида аҳамият берилди. Натижада битирувчиларнинг ҳарбий билим ва кўникмалари юксалиш билан бирга, уларнинг қалбида ватанпарварлик, садоқат ва матонат туйғулари шаклланди.

Тантанали маросимга Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўмондони Б.Х.Ташматов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, таниқли давлат ва жамоат арбоблари, битирувчиларнинг ота-оналари ташриф буюришди.

Тадбирда сўзга чиққан Институт бошлиғи М.Х.Рустамбаев, сафда қад ростлаб турган офицер-кадрлар Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Институтининг биринчи битирувчилари ҳисобланишини, келгусида улар қандай лавозимларда хизмат қилишмасин, юксак масъулият, ҳалоллик ва камтарлик фазилатларини намоён этишларини, она Ватани, халқи ва Президентига бир умр содиқ қолишларини таъкидлади. Шундан кейин Миллий гвардия Қўмондонининг рухсати билан битирувчиларга диплом ва кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони Б.Х.Ташматов сўзга чиқиб, ёш офицерларни институтни тамомлаганликлари, офицер деган шарафли номга сазовор бўлганликлари билан самимий муборакбод этди. Сўнгра ҳарбий оркестр садолари остида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси ижро этилди.

Тантанали маросимда Институт битирувчилари ҳамда уларнинг ота-оналари сўзга чиқиб, ёш офицерлар ва уларнинг яқинларини унутилмас байрам билан табриклашди.

Тадбир тафсилотларини республикамиз оммавий ахборот воситаларида ёритиш мақсадида, мухбир ва журналистлар ташриф буюришди.

Ҳарбий-техник институтини тамомлаган ёш офицерларнинг битирувига бағишланган тантанали маросимдан сўнг, Институт битирувчилари ва уларнинг ота-оналари эътиборига Институт бадиий жамоаси иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Мазкур тадбирнинг барча иштирокчилари кўзларида қувонч ва хурсандчилик яққол намоён бўлди.

    Бошқа янгиликлар