Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги икки томонлама ишонч ва ҳурмат асосига қурилган дўстона муносабатлар тарихий илдизлар, яқин миллий анъаналар, тил ва дин бирлигига асосланади. Халқларимизнинг ҳамжиҳатлиги, бир-бирига ҳурматини маданий-гуманитар алоқалар ривожидан ҳам билса бўлади.
Озарбайжонда ҳар йили 28 май куни Республика куни нишонланади. Озарбайжон халқининг буюк фарзанди Ҳайдар Алиев замонавий Озарбайжон, бу — 1918 йил 28 май куни ташкил этилган Озарбайжон Демократик Республикасининг тарихий меросхўри деб таъкидлаганди. Озарбайжон халқи учун муҳим аҳамиятга эга ушбу кунда мамлакатда турли тадбирлар ўтказилади.
Шу муносабат билан Юртимиздаги Озарбайжон элчихонаси қошидаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон маданият маркази ташкилотчилигида ҳамда Озарбайжон элчихонаси қўлловида кеча, 17 май куни Тошкентнинг “Туркистон” саройида Озарбайжон Демократик Республикасининг 100 йиллигига бағишланган дўстлик концерт бўлиб ўтди.
Концерт аввалида “Озарбайжон, 100 йиллик юбилей билан муборакбод этамиз!” номли кўргазма ҳам намойиш этилди. Кўргазмада Озарбайжон халқининг тарихи, маданияти, урф-одатлари ва ютуқлари намойиш этилди.
Концерт дастурини очиб бериш учун сўзга чиққан Озарбайжоннинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Гусейн Кулиев ташриф буюрганларга миннатдорчилик билдирган ҳолда икки давлат муносабатлари, Озарбайжон халқининг мустақилликка эришиш учун босиб ўтган йўли ҳақида гапирди.
Концертда Ўзбекистон “Ёшлар симфоник оркестри”, Озарбайжонда хизмат кўрсатган артист, 2017 йил “Шарқ тароналари” мусиқий фестивали Гран-при соҳиби Соҳиб Пошозода, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Маъсума Болтабоева, Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева ва бошқалар иштирок этишди.
Дўстлик концертида— Узеир Гаджибеков, Фикрет Амиров, Кара Караев, Васиф Адигезалов, Фархад Бадайбейли каби Озарбайжон халқининг буюк композиторларининг мусиқий дурдоналари янгради. Мусиқаларга Озарбажойнинг тарихий ва замонавий манзаралари намоён бўлган видеолавҳалар ҳамроҳлик қилди.
Концерт сўнггида Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева озар тилида “Кўчалара сув сепмишам” қўшиғини кўйлаб, қардош халқни байрам билан муборак этди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларининг дўстлик ва ҳамкорликка интилишининг яна бир намоён этади.
Дилфуза Собирова
Юрий Корсунцев фотосурати






