Ўзбекистон делегациясининг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи муносабати билан “Уиллард Интерконтиненталь Вашингтон” отелида уюштирилган учрашувда эътиборли воқеа рўй берди. Гап шундаки, кўп йиллик самарали ижоди, ўзбек мақом санъатини ривожлантириш, халқимизнинг бой маданий меросини дунёда тарғиб этишга қўшган ҳиссаси учун мақом ансамблининг собиқ хонандаси Изро Малаков “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони билан тақдирланди. Вашингтонда хизмат сафарида бўлиб турган "Халқ сўзи" нашрининг махсус мухбири Шавкат Ортиқов халқимизнинг севимли хонандаси Изро Малаковдан эксклюзив интервью олиб, унинг дил сўзлари билан ўртоқлашди:
— “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони билан тақдирланганим ҳаётимдаги энг қувончли воқеалардан бири бўлди. Тўғриси, ушбу нуфузли анжуманга таклиф қилишганида менга бундай эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилади, деб ўйламаган эдим. Ҳозир ҳаяжонимни сўз билан таърифлашга ожизман.
Ўзбек халқи санъатни чин дилдан севади, уни маънавиятни бойитадиган, қалб ҳамда руҳни юксалтирадиган беқиёс куч, деб билади. Буни Ўзбекистонда мақом санъатини янада ривожлантириш, уни чуқур ўрганиш, асраб-авайлаш, нозик асрорларини тарғиб этиш, мақомчилар, мақомшунос илмий-педагог олимлар ва мутахассислар фаолиятини моддий ҳамда маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганидан ҳам билиш мумкин. Бу ҳақда интернет орқали билиб, эшитиб-кўриб турибмиз. Мен каби ўзга мамлакатда яшаётган санъаткорга-да кўрсатилаётган эъзозни эса бир сўз билан юксак эҳтиром, деб аташ мумкин.
Шавкат Миромоновичнинг АҚШга расмий ташриф билан келиши ҳақидаги хабарни эшитган кунимданоқ катта ҳаяжон, ўзгача фахр ва ғурурда эдим. Чунки бу инсон Президент этиб сайланганидан буён Ўзбекистонда халқпарвар сиёсат юритаяптики, мазкур ислоҳотлар кун сайин барчанинг ҳавасу ҳайратини оширмоқда. Ушбу тарихий ташрифнинг бевосита гувоҳига айланганимдан жуда хурсандман. Қаранг, қанчадан-қанча йирик шартномалар имзоланди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон ҳамда АҚШ ўртасидаги муносабатлар тараққиётида муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Шу ўринда меҳнатимни қадрлагани учун Ўзбекистон Президенти ва ўзбек халқига чексиз миннатдорлик билдираман. Бу ғамхўрлик давлат раҳбарининг нафақат Ўзбекистондаги, балки бутун дунёда Ўзбекистонга дахлдор инсонларни қадрлашининг, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашининг амалий ифодаси бўлди.
Ўзбекистон — биз учун табаррук диёр. У ерда Бухоро яҳудийларига шу қадар катта эътибор, меҳр кўрсатилганки, дунёнинг бошқа жойида бундай ғамхўрликни кўрмаганмиз. Ёшим улғайиб бораяпти, лекин мана бу унвон, шубҳасиз, менга янги куч бағишлайди. Бундан кейин ҳам мақом санъатининг янада равнақ топишига, халқимизнинг мазкур ноёб маданий меросини дунёга кенг ёйишга ҳисса қўшишга ундайди.







