Никоҳга кирувчилар муайян билим ва тажрибага эга бўлиши, ҳам жисмонан, ҳам маънан оила қуришга тайёр бўлиши шарт. Лекин айрим ота-оналар томонидан ана шу жиҳатларга етарлича эътибор қаратилмаётгани туфайли қизларни эрта турмушга бериш ҳолатлари кузатилмоқда.
Андижон вилоятида бу борада самарали ишлар олиб борилмоқда, деб ёзади ЎзА.
"Йигит-қиз ўртасида никоҳ риштасини боғлашдан аввал уларнинг балоғат ва камолотга етганига эътибор қаратиш лозим. Никоҳга киришдан олдин ёшлар ҳар жиҳатдан оилавий ҳаётга тайёр, зарур билим ва тушунчага эга бўлиши керак. Шундагина барпо бўлаётган янги оиланинг пойдевори мустаҳкам бўлади ва ҳаётнинг турли синовларига дош бера олади", - дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров
Эрта никоҳ ҳолатлари таҳлил қилинганда, аксарият оилаларда маънавий муҳит барқарор эмаслиги, фарзанд тарбиясига эътиборсизлик билан қаралгани аниқланган. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилоятидаги вакиллиги томонидан вилоят хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла фуқаролар йиғинлари, Ёшлар иттифоқи фаоллари ва бошқа масъул ташкилотлар ҳамкорлигида маҳаллаларда ота-оналар, таълим муассасалари ўқувчилари иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлар салбий оқибатларининг олдини олиш бўйича кенг кўламли тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Андижон шаҳридаги “Абу Ҳурайра” жомеъ масжиди имом-хатиби Ш.Мусабоев, турли тадбир ва маросимларда аҳолига ана шундай ҳолатларга йўл қўймаслик борасида тушунтиришлар олиб борилаётгани ва эрта никоҳнинг олдини олиш мақсадида шаръий никоҳлар фақат махсус рухсатномага эга имомлар томонидан қонуний никоҳдан ўтилгандан сўнггина ўқилиши қатъий белгилаб қўйилганини айтди.






