Тасвирдаги қуюқ тутунни кўрган киши яқин атрофда корхона ёки завод жойлашган бўлса керак, деб ўйлаши тайин. Лекин, аслида ҳам шундайми? Кўкка ўрлаётган тутун қаердан чиқяпти?...
Наманган шаҳрининг Қўқон ва Дамбоғ кўчалари оралиғида собиқ Совпартактив шифохонаси, ҳозирги Кардиология маркази жойлашган. Ишлатилган шприц, осма укол шланглари, бинт, пахта каби тиббиёт буюмлари ушбу тиббиёт муассасасининг ўзида куйдирилар экан. Куйдирилган буюмлар қолдиғи қурум ҳолида атрофдаги хонадонларга тарқалади. Аҳоли неча йиллардан буён аччиқ тутун ва қурум заҳридан азият чекмоқда.
Мазкур масала бўйича Наманган вилояти соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиология давлат назорати, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларига бир неча бор мурожаат қилинган. Аммо, натижа йўқ.
Ҳудуддаги Фаровон маҳалласида 4 минг 684, Дамбоғ маҳалласида эса 4 минг 570 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Мутасаддилар шунча аҳоли саломатлигига бепарво, демоқчи эмасмиз. Лекин барибир.... Бу ҳолат қачонгача давом этаркин? Одамлар ана шу оддий саволга жавоб кутмоқда.



Наманган шаҳри Дамбоғ кўчаси 42 уйда
яшовчи фуқаро Аъзамжон Мамадалиев.
ЎзА






